Таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришда Конституция устуворлиги

07.12.2020 14:12:41

Бугунги кунда давлатамизда ёш авлоднинг миллий ва жаҳон илм-фан ютуқларини ўрганиш, ўзлаштиришга интилишини рағбатлантириш, ёшларнинг фундаментал фан асосларини пухта эгаллаши учун шарт-шароит яратиш, бўлғуси олимларни тайёрлаш, уларнинг инновацион қобилиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш, истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларни илмий фаолиятга жалб қилиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб қувватлаш юзасидан белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳам Асосий қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди”.

Шу сабабли Конституциямиз сиёсий ҳамда ҳуқуқий эркинликнинг буюк тимсоли сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эъзозловчи мўътабар ижтимоий қадриятга, олий маънавий неъматга айланди. Унинг беқиёс қадр-қиммати ва нуфузи, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти йиллар ўтгани сайин тобора ортиб бормоқда.

Конституциямизда ифодаланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан “ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқи" (41-модда) ҳамда “ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланиши” (42-модда) оид нормалари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. Хусусан, мазкур нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасида назарда тутилган “Ҳар бир инсон илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга” эканлигига доир ва бошқа халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳужжатлардаги нормаларни ўзида ифода этганлигини алоҳида эътироф этиш керак.

Шунингдек, таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш масаласи Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам назарда тутилган бўлиб, унинг 4-устувор мақсади – Таълим сифатини оширишга бағишланган ҳамда унинг доирасида илм-фанни ривожлантиришга доир вазифалар белгиланган.

Худди шунингдек, “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар”нинг  4-мақсади, Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш ҳамда 9-мақсадининг 9.5-бандида инновацион фаолият учун қулай шарт-шароит яратиш ва илмий тадқиқот ҳамда конструкторлик соҳасидаги ходимлар сонини жиддий равишда кўпайтириш орқали жонлантиришга доир алоҳида устувор вазифа белгиланган.

Конституциямизда мустаҳкамланган билим олиш ҳуқуқи ва илмий ижод эркинлигини таъминлаш борасида сўнгги тўрт йилда Президентимиз ташаббуслари билан улкан, тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганлигининг ҳаммамиз гувоҳимиз.

Маълумки, 2017-2020 йиллар давомида илм-фан соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, бу борадаги қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириб бориш, хусусан, илмий-тадқиқот ва илмий хизматларни кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини янада кенгайтириш, илмий ишланмалар ва янги ғояларни ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнига тўғридан-тўғри жорий этишни назарда тутувчи янги ҳуқуқий механизмларга асос солинди.

Конституцияда “давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши” белгиланганлиги муносабати билан аввало, бу соҳаларнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш борасида Президентимиз, парламентимиз, ҳукуматимиз томонидан олиб борилган машаққатли норма ижодкорлиги эътиборга лойиқ.

2017-2020 йиллар мобайнида мазкур соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шундан 3 та қонун, 50 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” (ЎРҚ-576-сон, 29.10.2019 й.), “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида” (ЎРҚ-595-сон, 16.12.2019 й.),   “Таълим тўғрисида”ги (ЎРҚ- 637-сон, 23.09.2020 й.) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5987-сон, 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6097-сон, 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сон  фармонлари.  

Иккинчидан, илм-фан ва таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда илм-фан вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича жуда катта миқёсда ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фанлар академияси ва унинг институтларига “янгидан ҳаёт бахш этиш” натижасида тизимдаги илмий муассасалар сони 20 тадан 35 тага етди. Академияга сайловлар қайта тикланди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди, бир қатор инновация марказлари, илмий кластер ва технопарклар фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимиз эътироф этганларидек, “илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб”.

Шунинг учун ҳам ўтган тўрт йилда илм-фан соҳасини молиялаштириш 4 карра кўпайди. Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг иш ҳақлари 3 баробар оширилди. Фан доктори ва номзодлари учун алоҳида устама ҳақ белгиланди.

2019 йилдан Фанлар академияси тизимидаги ташкилотлар тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди.

Хулоса қилиб айтганда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

“Адолат” СДП фракцияси ва

Фан, таълим, маданият ва спорт

 масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+