Таълим тизимини такомиллаштириш келгуси йилдаги устувор вазифамиз бўлади

29.12.2020 22:12:28

Бугун тараққиётнинг ҳар бир жабҳасида, давлатнинг эртанги кунини белгилашда жамиятдаги ёшларнинг билим ва салоҳияти ҳал қилувчи муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бугун парламент аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олишлари учун бор имкониятларни яратиб бериш орқали мамлакат тараққиётига эришиш Ўзбекистон учун энг устувор йўналиш эканлигининг яна бир яққол исботи бўлди.

2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббус ва таклифлар айтиб ўтилди. Жумладан, келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадларнинг амалга оширилиши натижасида, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитлар яратилади. Мамлакатимизда келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамрови 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилиши режалаштирилмоқда. Бу ишларни ўз вақтида самарали амалга ошириш учун эса бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия ажратилиб, 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилади. Натижада бу йўналишда хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

Бундан ташқари 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади. Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.

Шунингдек, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан таълимнинг кейинги босқичи бўлган мактаб тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилиб, келгуси йилида мамлакатимизда 30 та янги мактаб қурилиб, 320 та мактабларда таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш ишлари амалга оширилиши таъкидланди. Бу мақсадларни амалга ошириш учун эса бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

Бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этилиши ўз вақтида амалга ошриш учун эса келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида ҳам ёшларимизнинг таълим-тарбиясини янада юксалтириш борасида мактаб таълим тизимини ислоҳ қилиш, синфларда ўқувчилар сонини оптималлаштириш, элктрон кундалик тизимини жорий этиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг сифатли овқатланишни йўлга қўйиш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилган. Партия сайловолди дастурида юртимиз ёшларининг олий таълимда таълим олиш истакларини қамраб олиш мақсадида қабул квоталари ҳамда давлат гранти асосидаги қабулларни кенгайтириш, олий таълимда таълим олувчи ёшларни бевосида ишлаб чиқариш амлиётига боғлаш ҳамда жамиятнинг эҳтиёжманд қатламлари учун ажратилган квоталарни умумий квоталар сонидан ажратиш таклифлари илгари сурилган.

Бугунги Президентимизнинг парламентга йўланган Мурожаатномасида ҳам олий таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз томнидан 2020 йилда қабул квоталари 9 фоиздан 25 фоизга етказилгани, 2021 йилда Олий таълимга давлат гранти асосидаги қабул квотаси 25 фоизга етказилиши таъкидланди. Шунингдек, 2021 йилдан эҳтиёжманд оилаларнинг қизларини грант асосида олий таълим муассасасига қабул қилиш 2 баробарга оширилиб, қабул квотаси 2000 тага етказилади. Аъло баҳоларга ўқийдиган қизлар учун алоҳида стипендиялар жорий этилади.

Бир сўз билан айтганда, 2021 йилда юртимиз ёшларининг ҳар томонлама етук кадр бўлиб таълим тарбия олишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилади. Бу борадаги ишларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши эса биз парламент аъзоларининг доимий эътиборида бўлади.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+