Таълимга йўналтирилган инвестиция инсон капиталини юксалтиришга хизмат қилади

16.05.2022 14:05:23

Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланмоқда. Барча ривожланган мамлакатларда таълимга сарфланадиган харажатлар ижтимоий тараққиётнинг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, чунки улар давлат ва жамият томонидан фуқаролар таълимига қаратилаётган эътибор даражасини акс эттиради.

Боиси, таълимга йўналтирилган инвестициялар нафақат мамлакатнинг инсон капиталини юксалтириш, шу билан бирга, иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашнинг муҳим усули ҳисобланади.

Зеро, юрт келажаги, барча соҳалардаги юксалишлар, муваффақияти, билимли инсонларга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари бошчилигида охирги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўпгина салмоқли ишлар йўлга қўйилди. Бу борада мамлакатимиз яна бир янги даврга қадам қўйди. Хусусан, Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналишдаги бир қатор мақсад ва вазифалар айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини янада кучайтириш бош мезон қилиб кўрсатилди.

Юртбошимизнинг ўқитувчиларга бўлган бундай муносабати, уларни касбига бўлган меҳрини ошириб, юксак марраларни забт этишлари учун қанот бўлолади. Мазкур фармонга кўра, 2022 йил якунига қадар мактаб ўқитувчилари учун “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасида педагогик фаолиятдан ажралмаган ҳолда амалга ошириладиган қўшимча индивидуал малака ошириш курслари жорий этилади. Бу ҳар бир ўқитувчига меҳнат жараёнида енгиллик ва билим олишларига қулайлик яратади.

Шунингдек, 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилиши, йил якунига қадар эса, янги авлод дарсликлари учун 10 та мобил электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотларининг яратилиши фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам беради.

Шу билан бирга, ўз устида мунтазам ишлаб касбий малакаси ва тажрибасини ошириб бораётган педагогларни муносиб рағбатлантириб бориш тизими йўлга қўйилмоқда. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларидаги халқаро тан олинган сертификатга эга ҳамда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақ тўлаб бориш тизими жорий этилади.

Ёшларнинг келажагини таъминлаш ва илмга асосланган иқтисодиётни шакллантириш мақсадида ёшларга ғамхўрлик қилиш ва уларнинг таълим-тарбиясини такомиллаштириш учун таълим-фан соҳасида катта ўзгаришлар қилиш зарурдир. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун давлатимиз раҳбарининг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренесанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, дея айтган фикрлари ҳаётимизда ўз тасдиғини топмоқда.

Жумладан, ушбу фикрларнинг исботи сифатида, бугун юртимизда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбларга йўналтириш тизимини такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг халқ таълим тизимига интеграциясини кучайтириш ҳамда инклюзив таълим жараёнларини жадаллаштириш ҳам йўлга қўйилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётганини кенг жамоатчилик эътироф этяпти. Ўқитувчиларга яратилаётган шароитлар, ойлик маошларнинг босқичма-босқич оширилаётгани, муаллимларнинг турли ҳашар, мажбурий меҳнат, касбига дахли йўқ мажлислардан озод этилгани ҳамда қоғозбозликнинг кескин қисқартирилгани албатта қувонарли ҳолдир.

Шу билан биргаликда, иқтидорли ўқувчиларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларнинг чуқур ўзлаштирилишига кенг шароитлар яратилиши фикримизнинг яққол далилидир. Яқин келажакда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, белгиланган мақсад ва режаларимизни амалга ошириувчи етук кадрлар етишиб чиқиши шубҳасиз.

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+