Тергов ва жазони ўташ жараёнида етказилган ҳар қандай зарар давлат томонидан тўлаб берилади(ми?)

22.04.2022 17:04:11

Конституциямизнинг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Ўтган йиллар давомида ушбу моддада назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп учрайдиган суриштирув, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида бундай ҳаракатларнинг нафақат олдини олиш, балки тўлақонли бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Шу билан бирга, миллий қонунчилигимиз халқаро норма ва конвенцияларга мослаштирилди. Жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмиталарининг Ўзбекистон Республикасининг даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича берган якуний мулоҳазаларида тавсия этилган қийноққа солинган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга етказилган зарарни компенсация қилиш билан боғлиқ жараёнлар қонунчилигимизда акс эттирилиб, тўлақонли ҳуқуқий механизмлари яратилди.

Аммо амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўлақонли хабардор бўлмаган ва бугуннинг талабини тўғри англаб етмаган айрим масъул шахсларнинг ўз меҳнат фаолиятига бўлган эътиборсизлиги сабаб, суриштирув, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги, афсуски бугунги кунда бундай ҳолатлар ҳали ҳам учраётганлиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги, бу эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётганлигини алоҳида таъкидланган эди.

Юқоридаги каби ҳолатларни тўлақонли бартараф этиш ҳамда Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида 2021 йилнинг июнь ойида “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Қарорда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини, шу билан бирга, уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлашга қартилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Ушбу гуруҳларга гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш ҳамда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш, уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш ваколати берилди.

Шунингдек, қарорда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш, қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар белгиланган эди.

Қарорда белгиланган вазифалар ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистоннинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бажарилиши бўйича тақдим этган бешинчи даврий ҳисоботи ва якуний мулоҳазаларида келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун орқали, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, кодексининг терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарликни белгиловчи 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарнинг тўла ҳажмда тўлаб берилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Давлат органлари мансабдор шахсларининг юқоридаги ҳаракатлари ғайриқонуний равишда содир этилганда жабрланувчига руҳий ва жисмоний азоб етиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, бунда жабрланувчи бошидан кечирган оғир ички кечинмалари ва изтиробларини юмшатиш мақсадида маънавий зарарни ҳам қопланиши назарда тутилиб, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига, яъни маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти натижасида етказилган зарарни ҳам қоплаб бериш белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, қонунчилигимизга киритилган бундай ўзгартириш ва қўшимчалар, энг аввало инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтиришга, шу билан бирга, фуқароларга қийноққа солиш оқибатида етказилган моддий ва маъанвий зарарни идоралар ўртасида сарсон бўлмасдан ундириб олиш имконини беради.

Шу билан бирга, бугун мамлакатмиз тараққиётини таъминлаб, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган ислоҳотларимиз халқаро даражада яна бир бор эътироф этилиб, мамлакатмизнинг халқаро рейтинг ва кўрсаткичлардаги ўрни янада яхшиланишига хизмат қилади.

 

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+