Тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

13.12.2022 10:12:31

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Хусусан, “Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидлаганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғини ўз ичига олувчи тиббиётнинг уч босқичли миллий модели яратилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Аммо шунга қарамай, кейинги пайтларда тиббиёт ходимларига ғайриқонуний тажовуз ҳолатларига чек қуйилмаяпти. Масалан, 2019-2022 йилларда 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклда тажовуз қилинган.

Амалдаги қонунчиликда эса хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилганлик, фаолиятга тусқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Бундай шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг турли моддалари билан жавобгарликка тортилаётган бўлса-да, улар қилмишга яраша жазо олмаяпти.

Ушбу қонун лойиҳаси билан эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги моддалар билан тўлдирилиб, эндиликда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда таъсир ўтказган фуқароларга 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасини бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш лозимлигини билдирди. Ҳужжатни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб асосли таклифларни илгари суриб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали Олий судда иш ҳажмининг сезиларли камайишига, Олий суд судьяларининг асосий эътиборини қуйи судлар учун ягона суд амалиётини шакллантириш, судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, фуқароларнинг шикоят қилишга бўлган ҳуқуқлари доираси кенгайиши ҳамда уларнинг эътирози ва сарсонгарчилигининг олдини олишга эришилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида унинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+