Тиббиёт тизими раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисобот бериш тартиби жорий этилади

27.04.2022 12:04:23

Саломатлик – инсон ҳаётидаги энг биринчи ва бирламчи эҳтиёж ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли саоматлигини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани изчил ривожлантириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, сўнгги беш йилда соҳани янада тараққий эттиришга қартилган бир қатор ҳуқуқйи ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида шаклланган халқ билан мулоқот қилиш тизими натижасида, Президентимизнинг ҳудудларга амалга оширган ҳар бир сафари чоғида ҳам доимий равишда тиббиёт масканларига ташриф бюриб соҳа ходимлари билан мулоқот қилиши ананага айланди.

Ушбу мулоқотлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 18 март куни мамлакатимиз тарихида илк бор Давлатимиз раҳбарининг шифокорлар, ҳамширалар, соҳа олимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашуви ўтказилди.

Учрашувда соҳа вакиллари томонидан билдирилган 25 мингдан зиёд мурожаатлар ҳамда фикр-мулоҳазалар асосида соҳани тубдан ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос тиббиёт тизимини шакллантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича еттида йўналишдан иборат дастур ишлаб чиқилиши ва ушбу белгиланган вазифалар қисқа вақт ичида ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган эди.

Бугун қабул қилинган “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилиб, кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилмоқда. Шунингдек, уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи тўлаб берилиши белгиланди.

Албатта, ушбу ўзгариш аҳолининг бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Боиси, кўплаб олис ҳудудларда уй рўзғор ташвиши билан банд бўлган фуқаролар, айниқса аёлларимиз куннинг қайсидир бир қсмида вақт ажратиб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга чиқиш имконияти бўлмагани боис баъзи бир касалликларни дастлабки даврида аниқлаб, бартараф этишдан кечка қолган ҳолатлар ҳам кўплаб кузатилаётган эди.

Шунингдек, юзлаб олис километрдаги тиббиёт муассасаларига қатнаб ишловчи шифокорларнинг моддий рағбатлантирилиши, уларни ўз касбига бўлган ишончи янада ортиб, ўз меҳнат фаолиятидан манфаатдор бўлган ҳолда аҳолига хизмат қилишини рағбатлантирса, уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми маҳаллий бюджетдан қоплаб берилиши эса, оиласи тинч ва хотиржам бўлишини таъминлайди.

Шу билан бирга, соҳа ходимлари фаолиятига ҳам замонавий бошқарув механизмлари татбиқ этилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий этилади. Бунда ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлиб хизмат қилади.

Ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилиб, энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.

Албатта, бу тизим ҳам соҳа раҳбарларининг ўз фаолиятига бўлган масъулиятини ошириш билан бирга, ҳудудий кенгашларнинг ўз ҳудудларидаги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳамда унинг ҳолатидан доимий равишда хабардор бўлиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имкони беради.

Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил илова яратилиб ишга туширилади. Ушбу мобил илова фуқароларга тиббий хизматдан фойдаланишда аниқ йўналиш ва маълумотга эга бўлиш имконини беради. Сабаби, сўнгги вақтларда аҳолига бепул кўрсатилиши лозим бўлган тиббий хизматлар билан боғлиқ кўплаб тушунмовчиликлар ҳам юзага келаётган эди.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг соҳага татбиқ этилиши, мамлакатимиз тиббиёти тизимини янада янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+