“Тошкент декларацияси” – жаҳон маданияти тарихида муҳим ҳужжат

13.06.2022 16:06:28

2022 йил 9 июнь Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти фаолиятининг тарихида шубҳасиз истиқболли келишув куни сифатида мухрланди. Таъкидлаш жоиз, ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – маданият соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорликдир. Шу боис, ташкилотнинг асосий ҳужжатида ҳамкорликка аъзо давлатларнинг ўзаро маданият кунларини нишонлаш, бадиий жамоалар ва санъат арбобларининг ижодини тарғиб этиш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, ўқув марказларини ташкил этиш билан боғлиқ мақсад ва вазифалар аниқ белгилаб ўтилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон 2022 йилда ШҲТга раислик қилувчи мамлакат сифатида ташкилотга аъзо давлатлар мусиқий олий таълим муассасалари раҳбарларининг I-Халқаро форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди ва мазкур анжуманни юқори савияда ташкил этди.

Анжуманга Москва давлат консерваторияси ректори А.Соколов, Қозоғистон миллий санъат университети ректори А.Мусахаджаева, Санкт-Петербург давлат консерваторияси ректори А.Васильев, Белорусь давлат мусиқа академияси ректори Е.Куракина, Қирғизистон давлат консерваторияси ректори М.Бегалиев, Тожикистон давлат консерваторияси ректори М.Дўстизода, Теҳрон консерваторияси Президенти Бехзод Моафи, Озарбайжон миллий консерваторияси ректори Сиявуш Кереми, Қозоғистон миллий консерваторияси ректори А.Жудебаев ташриф буюрдилар. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори К.Ўринбоев, Б.Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти ректори А.Мансуров, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори О.Назарбеков иштирок этдилар.

Юқори мартабали меҳмонлар қатнашувида ўтган Форум ишининг асосий қисмида мусиқий олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-ижодий ҳамкорликнинг муҳим қирралари муҳокама предметига айланди. Дарҳақиқат, яқин йиллар ичида Ўзбекистоннинг санъаткор ёшлари ҳамда илмий кадрлари жаҳон майдонида юқори поғоналарни эгаллади. Шундай экан, юртимизда мусиқа санъати йўналишида олиб борилаётган таълим тизими ва унда яратилаётган имкониятлар Форум қатнашчилари эътиборини тортди. Пировардида, Ўзбекистон билан таълим соҳасида ҳамкорликка киришиш ниятини билдирган ҳамкасб олий таълим муассасалари доираси кенгайди.

Бугунги кунда жаҳон саҳналарида ҳукм сураётган халқаро даражадаги нуфузли танлов ва фестивалларнинг профессионал талаби ошиб бормоқда. Шунга кўра, санъаткорларнинг янги авлодини тарбиялашда ижрочилик маҳоратининг бадиийлик даражасини янада ўстириш зарурати туғилди. Мусиқа ижрочилиги анъаналарини таҳлил этиш, замонавий омилларни аниқлаш ва янги истиқбол вазифаларини белгилаб олиш билан боғлиқ масалалар кун тартибида муҳокама этилди.

Музокаралар чоғида мусиқий олий таълим муассасалари раҳбарларининг билдирган фикрлари мувофиқлаштирилиб, жамланган ҳолда, Тошкент декларацияси имзоланди. Декларацияда мусиқа муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришнинг янги йўлларини излаш мусиқа санъати соҳасидаги ютуқларни кўпайтириш ва янги мазмун билан тўлдиришга қодир юқори профессионал кадрлар тайёрлаш орқали ечим топиши алоҳида белгилаб қўйилди. Шунга кўра, ҳужжатда қуйидаги учта асосий соҳага урғу берилди:

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик:

- таълим дастурларини ривожлантириш ва амалга ошишини таъминлаш;

- ахборот ресурс фондлари, шунингдек, аудио ва видео кутубхоналарига очиқ кириш имкониятига эга ягона ресурс-электрон тизимини яратиш;

замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш асосида таълим тизимини такомиллаштириш, ўқув-услубий адабиётлар яратиш бўйича ўзаро ҳамкорлик;

- маърузалар, маслаҳатлар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари орқали ихтисосликни такомиллаштириш мақсадида ўқитувчилар ва мутахассислар алмашинуви;

- стажировка сертификатлари ва тегишли малакани тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни ўзаро тан олиш механизмларини ишлаб чиқиш.

Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик:

- ўзаро манфаатли ҳамкорликдаги илмий, педагогик тадқиқотларни тайёрлаш ва ўтказиш;

- докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилишга етакчи олимларни доимий асосда эксперт ва Ихтисослаштирилган кенгаш аъзоси сифатида жалб этиш;

- илмий-тадқиқот ишлари ва илмий тадқиқот натижалари бўйича нашрлар, маълумотлар алмашиш;

- Форум иштирокчиси бўлган мамлакатларнинг мутахассислари томонидан илмий тадқиқотларнинг юқори иқтибос индексига (импакт-фактор) эга бўлган илмий-назарий журналларда нашр қилиш учун устувор шарт-шароитлар яратиш;

- илмий журнал ва тўпламлар таҳририятларида етакчи олим ва ўқитувчиларнинг иштирокини таъминлаш;

- бошқа давлатларда ўз билимини ошириш истагини билдирган ёш мутахассислар алмашинуви;

- профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабаларнинг конгресс, симпозиум ва семинарлардаги иштирокини таъминлаш.

Ижодий ва маърифий фаолият соҳасидаги ҳамкорлик:

- мусиқа кунлари ва мусиқий фестивалларни ўтказиш, олий таълим муассасалари жамоалари ва яккахонларининг гастролларини амалга ошириш, мусиқий асарларни саҳналаштириш, делегациялар алмашинуви, танлов ва концертларни ташкил этиш; 

- ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ёшларидан бирлашган талабалар симфоник оркестрини ташкил этиб, Самарқанд шаҳрида Давлат раҳбарлари Кенгаши Саммити доирасида бўлиб ўтадиган тантанали тадбирларда иштирокини таъминлаш (сентябрь, 2022 йил).

Бир сўз билан айтганда, “Тошкент декларацияси” ШҲТга аъзо мамлакатларнинг маданий-гуманитар ҳамкорлигини янада ривожланитиршга хизмат қилади.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+