Туризмни ривожлантириш аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда катта имкониятларга йўл очади

28.04.2022 09:04:56

Ўзбекистон ўзининг бой маданий тарихи ва қадриятлари билан азалдан дунё халқлари цивилизациясига муносиб ҳисса қўшиб, ғарб ва шарқ маданияти уйғунлашувида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган очиқлик сиёсати, дунё мамлакатлари билан барқарор ривожланиб бораётган савдо, иқтисодий-гуманитар ҳамда ижтимоий алоқаларнинг жадалашуви натижасида мамлакатмизнинг бой маданий тарихи ва қадриятларига бўлган қизиқиш ҳар қачонгиданда ортмоқда.

Ушбу жараёндаги эътиборга молик яна бир жихат бу — туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда соҳани янада тараққий эттиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишидир. Жумладан, ўтган беш йиллик вақт давомида 100 га яқин мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим тизими яратилган бўлса, яна кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун электрон шаклда виза олиш имкониятлари яратилди. Натижада, 2017 йилда мамлакатимизга 2,69 млн. нафар хорижлик турист ташриф бюрган бўлса, пандемиядан олдин ушбу кўрсаткич уч баробарга ошиб, 6,75 млн. кишига етди.

Аммо, юртимизнинг бой тарихи, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини ҳисобга олсак, ушбу соҳада эришилган натижалар кишини қувонтирадиган даражада эмас. Сабаби, соҳанинг тараққий этиши нафақат мамлакатнинг туристик жозибадорлигининг ошишига, шу билан бирга, иқтисодиёт, аҳоли бандлиги, инфратузилма ривожи, илм-фан тараққиёти каби кўплаб соҳаларга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, йиғилишда пандемия пайтида ўрнатилган чекловлар бирин-кетин камаяётгани туфайли туризм индустрияси тикланаётганлиги, жорий йилнинг биринчи чорагида юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар кўп туристлар келганлиги қайд этилди. Таҳлиллар натижаси, кейинги ойларда туристлар оқими янада кўпайишини кўрсатмоқда.

Аммо, бугунги кунда айрим ҳудудларда туристлар сонининг ортишига муносиб равишда хизмат кўрсатиш тизими тўғри йўлга қўйилмаган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида меҳмонхона ўринлари етарли даражада ташкил этилмаган. Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида эса, мавжуд катта имкониятлардан фойдаланилмаяпти. Жумладан, ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам ташкил этилган. “Оилавий” ва “барчаси ичида” хизматларни жорий қилиш ишлари суст амалга оширилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда ҳудудлардаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг атиги 18 тасидан фойдаланилаётганлиги, сайёҳларни жалб қилишда юртимиздаги мавжуд 122 та музейлардаги 2 миллион 500 мингдан ортиқ ашёларнинг 112 мингтаси жаҳон тарихи ва маданияти учун ноёб ҳисобланишига қарамасдан имкониятлардан унимли фойдаланилмаётганлиги танқид қилинди. Барча аҳолида ҳам узоқдаги музейларга бориш имконияти йўқлиги боис, “Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмаларини ташкил қилиш кераклиги айтилди.

Шу билан бирга, барча имкониятларни ишга солиб, туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш, аввало, ҳар бир вилоятда туристларни ўзига оҳанрабодай жалб қиладиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бунда Бойсундаги дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири ҳисобланган Бойбулоқ, неандертал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги бўлмиш Узундара қалъаси ва ушбу ҳудудларнинг табиати ва иқлимидан тўғри фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Албатта, мамлакатда нафақат хорижлик туристлар оқимини ошириш, шу билан бирга, ички туризмни ривожлантириш ҳам муҳим саналади. Йиғилишда бу борадаги кўрсаткични 10 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилиб, 1 июлдан бошлаб, туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлаши маълум қилинди.

Шунингдек, туризм қишлоқларида йўл, электр энергияси, ичимлик суви, алоқа тармоқларини яхшилаш учун жорий йилда республика бюджетидан 250 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, хорижий туристларга саёҳатнинг барча босқичларини ташкиллаштиришга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратилади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхона харажатининг 20 фоизи, музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини қайтариш тизими жорий этилади.

Сайёҳатларни ташкил этишдаги энг муҳим воситалардан бири хавфсиз ва арзон транспорт воситаси эканлиги ҳисобга олиниб, сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 июлдан бошлаб, “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилиниши белгиланди. Шунингдек, 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Silk avia” компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилган. Жумладан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллиондан ошириш, хорижий туристлар сонини эса 9 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, туризим соҳаси хизматлар соҳаси ўсиши ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим йўналиш эканлиги инобатга олиниб, 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сонини 2 баравар ошириб, 520 минг нафарга етказиш, бунда Самарқандни “Туризм дарвозаси”га айлантириш орқали келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажмини камида 10 бараварга ошириб, туризм соҳасида 40 мингта янги иш ўринларини яратиш мақсад қилинган. Албатта, мазкур белгиланган вазифалар ижроси мамлакатимизда туризм соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+