Туркий кенгашнинг норасмий саммити кун тартибига қандай масалалар киритилган?

31.03.2021 14:03:02

Президент Шавкат Мирзиёев бугун — 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг (Туркий кенгаш) видеоанжуман шаклида ўтадиган норасмий саммитида иштирок этади. Ушбу муҳим анжуман арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари, сиёсий фанлар доктори Қодир ЖЎРАЕВ Туркий кенгаш фаолияти ва норасмий саммит кун тартиби ҳақида сўзлаб берди.

— Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) давлатлараро ташкилот бўлиб, асосий мақсади туркийзабон мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, кенг минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.

Туркий кенгаш 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида ташкил этилган бўлиб, “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битими” қабул қилинди. Нахичеван битимининг муқаддимасида аъзо давлатларнинг БМТ Уставида белгиланган мақсад ва тамойилларга риоя қилишлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Мазкур ҳужжатда Туркий кенгашнинг асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, минтақада ва дунёда тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшиш эканлиги, аъзо давлатларнинг демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва самарали бошқарув тамойилларига содиқлиги алоҳида қайд этилган.

Нахичеван Битимида Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилган:

— томонлар ўртасида ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш;

— ташқи сиёсий масалалар бўйича умумий позицияни ишлаб чиқиш;

— халқаро терроризм, сепаратизм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятлар билан курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

— умумий манфаатдор бўлган барча соҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш;

— савдо ва сармоялар учун қулай шароитлар яратиш;

— ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсишни, ижтимоий ва маданий ривожланишни таъминлаш;

— фан, техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш;

— оммавий ахборот воситалари ва бошқа алоқа воситаларининг ўзаро таъсирини рағбатлантириш;

— тегишли ҳуқуқий маълумотлар алмашинувига кўмаклашиш ва ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш.

Ҳозирда Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси, Венгрия эса кузатувчи мақомига эга. Туркманистон ҳам сўнгги саммитларда ташкилотга меҳмон давлат сифатида иштирок этиб келмоқда.

Туркий кенгаш тарихда илк марта тузилган туркий тилли давлатларнинг ихтиёрий бирлашмаси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси 150 миллионга яқин кишини, ҳудуди 4,3 миллион квадрат километрни, умумий номинал ялпи ички маҳсулоти 1 трлн. долларни, киши бошига тақсимлаганда эса салкам 9 минг долларни ташкил этади.

Ўзбекистон 2019 йилда аъзоликка расман қабул қилинди. Ушбу аъзолик мамлакатимизнинг қондош давлатлар билан ўзаро кўп томонлама алоқаларини ривожлантиришда жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида бундай ҳамкорликка бўлган эҳтиёж ниҳоятда ортди.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига қўшилиши бошқа аъзо мамлакатлар томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Расмий шахслар, экспертлар халқимизнинг туркийлар тарихидаги ўрни, бугунги салоҳияти ва аҳамиятини эътироф этди.

Шуни таъкидлаш жоизки, қисқа давр ичида мамлакатимиз ташкилотнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди. 2019 йил октябрда Бокуда (Озарбайжон) бўлиб ўтган саммитда ҳам мамлакатимизнинг қизғин амалий таклифлари аъзо давлатлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Жумладан, ушбу саммитда Хива шаҳри Туркий дунёнинг маданий пойтахти мақомини олди.

Туркий кенгашнинг 2020 йил 10 апрель куни коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб ўтказилган навбатдан ташқари олий даражадаги саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам қатнашиб, нутқ сўзлади.

Ўз нутқида давлатимиз раҳбари қардош мамлакатлар ўртасида пандемия ва бошқа юқумли касалликларга қарши биргаликда курашиш бўйича ўзининг бир қатор аниқ таклифларини илгари сурди.

Жумладан, туркийзабон давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўзаро маълумот ва тажриба алмашинувни кенг йўлга қўйиш таклифи илгари сурилдики, бу пандемияга қарши кураш жараёнида қардош мамлакатларнинг бир-биридан ўрганишига, энг яхши тажрибаларни ўзаро баҳам кўришига яқиндан ёрдам беради.

Жорий йилнинг 31 март куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий кенгаш аъзо давлатлари етакчиларининг норасмий саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Афсуски, дунёдаги эпидемиологик вазият туфайли ушбу саммитни Қозоғистон мезбонлигида онлайн тарзда ўтказишга келишиб олинди.

Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти, элбоши, Туркий кенгашнинг фахрий раиси Н. Назарбоев ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур онлайн саммитнинг Туркистон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас, албатта.

Ушбу шаҳарни ҳақли равишда турк дунёсининг маънавий марказларидан бири, деб аташ мумкин. Чунки йирик мутасаввуф олим, туркийзабон шоир, тасаввуфда яссавийлик тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий туғилиб ўсган ва мангу қўним топган шаҳар ҳисобланади.

Аҳмад Яссавий тасаввуф илмини Бухорода ўрганган, Алишер Навоий ўз асарларида уни “Туркистон мулкининг шайх-ул машойихи” деб таърифлаган, улуғ саркарда ва давлат арбоби Амир Темур Аҳмад Яссавий қабри устида маҳобатли мақбара бунёд этган эди.

Шаҳарнинг тарихий марказида қатор обидалар, хусусан, муқаддас зиёратгоҳлар сақланиб қолган бўлиб, улар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган. Сўнгги йилларда шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари олиб борилди ва бунинг натижасида шаҳар янги қиёфа касб этди.

Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этиши ва нутқ сўзлаши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бирлашмага аъзо мамлакатларнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришга доир ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Саммитда минтақамизнинг транспорт ва транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш, зиёрат туризмини ривожлантириш, илм-фан ва маданият борасида катта ютуқларга эришган шахслар учун алоҳида мукофот таъсис этилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Туркий кенгашнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ва бошқа ҳужжатларнинг қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Саммит якунида Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Декларацияси қабул қилинади.

маълумот: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+