Янги Ўзбекистон: барқарор ривожланишнинг ижтимоий-фалсафий, иқтисодий-сиёсий масалалари

22.04.2022 16:04:53

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамкорлигида “2022 йил - Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га бағишланган “Янги Ўзбекистон: барқарор ривожланишнинг ижтимоий-фалсафий, иқтисодий-сиёсий масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП фаоллари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, пойтахтимиз ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари олимлари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

 

Конференцияда таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ислоҳотлар ташаббускори тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолини давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда.  

Президентимиз Шавкат  Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланиш ва бунёдкорликлар, ҳар бир соҳада халқнинг розилигига эришиш мақсадида қатъият билан давом эттирилаётган ислоҳотлар, нафақат минтақамиз, балки бутун дунёда юксак эътироф этилмоқда.  Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, ҳар бир ватандошимизнинг азму қарори, ҳаётий мақсадларининг асосига айланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – у шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Конференцияда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари юзасидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари муҳокама этилди. Анжуман иштирокчиларининг “Ўзбекистон олий таълим тизимининг Европа стандартларига ўтиш шароитида ижтимоий фанларни ўқитишнинг ўзига хослиги”, “Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ҳуқуқий асосларининг такомиллаштирилиши”, “Фанда толерантлик ва интолерантлик”, “Мафкура аслида нима, ёхуд мафкура бизга нимага керак?”, “Шахс маънавиятини ўстиришда рағбатнинг ўрни ва унинг раҳбар мулоқот хулқида намоён бўлиши” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Конференция ниҳоясида маърузалар юзасидан муҳокама ўтказилиб, бундай илмий-амалий конференцияларни анъанавий тарзда ташкил қилиш мақсадли эканлиги таъкидланди. Конференция иши доирасида ёш олимлар “Энг мазмунли маъруза”, “Нотиқлик маҳорати”, “Энг яхши тақдимот” йўналишлари бўйича рағбатлантирилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+