Янги Ўзбекистонга  янги сайловлар ярашади.

27.01.2021 21:01:15

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва сиёсий партиялар фракцияларида “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда.

Эътироф этиш лозимки, бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигини  такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сайлов қонунчилигининг конституциявий асосларини такомиллаштириш орқали муҳим масалалар ўз ечимини топаётганлиги, хусусан, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловларни ўтказиш муддати ўзгартирилаётганлиги, шунингдек хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартибини жорий этиш каби муҳим масалалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сайловларни молиялаштириш борасидаги мавжуд тартибнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштириш, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонун  лойиҳасини ишлаш жараёнида хорижий экспертларнинг ҳам тавсиялари инобатга олинган, хусусан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланаётганлиги, сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилаётганлиги, сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда.

Шу билан бирга, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асосларининг  яратилаётганлиги, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартибининг белгиланаётганлиги ҳам Янги Ўзбекистонда сайлов кампаниясини жаҳон стандартларига мос равишда ўтказиш, керак бўлса, айнан шу масалада Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш, дунё ҳамжамиятида реаспубликанинг ижобий имижини яратишга қаратилган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида:

- умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилади;

- сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилади;

- Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади;

- сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратилади;

- фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП  фракцияси аъзоси
 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+