100 минг ўринга фақат 21 минг ёш ўқитилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

15.04.2021 12:04:38

Мамлакатимизда ўсиб келаётган, янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари саналмиш ёш авлод ҳақида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Ватанимизнинг келажагини белгиловчи йигит-қизларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши шахсан давлат раҳбарининг назоратида турганлиги эътиборга моликдир. Зотан, юртимизнинг  жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиши фарзандларнинг таълим-тарбиясига, уларнинг мустақил ҳаётга кириб боришига боғлиқ. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати айнан шу мақсадларни кўзлайди.

Куни кеча  Президентимиз иштирокида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилган видедоселекторда ҳам навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар,  Ватан ва халққа меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, жисмонан, маънан ва руҳан баркамол инсон сифатида жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши учун  зарур шарт-шароитларни яратиш ҳақида фикр юритилди.

Мазкур йўналишда жуда кўп Фармон, қарор, бошқа ҳужжатлар қабул қилинган. Бироқ уларнинг тўлақонли ижроси ҳақида гапиришга ҳали эрта. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини эслаш ўринли: “Жойлардаги туман, шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Ёшлар масаласи қандай муҳим эканини тушунмаяпти. Ёшларимизга ёрдам бериб, елкадош бўлишни хоҳламаяпти. Нега айни шу мавзуда йил давомида 2 та селeктор ўтказдим? Чунки, мен ишларнинг боришидан мутлақо норозиман. Жойларда савия йўқ. Ёшлар биздан 10-20 марталаб илгарилаб кетган.”

Таъкидланганидек, раҳбарлар ҳозирги замонга муносиб иш қилолмаяпти. Бирорта ташаббус йўқ. Кўп вилоятлар ҳокимлари бу (ёшлар билан ишлаш) пахта экиш, ғалла экишдек деб ўйлаяпти. Айниқса, ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича сусткашликка йўл қўйилмоқда.   Йилнинг ўтган уч ойи мобайнида  «1+1» дастури доирасида 100 минг ўринга  фақат 21 минг ёш ўқитилганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Бир қатор раҳбарларга нисбатан қатъий чора кўрилди. Ёшлар тадбиркорлигини етарли даражада қўллаб-қувватламаган  сектор раҳбарлари вазифасидан озод этилди.

Йиғилишда олий таълим муассасалари раҳбарларининг фаолияти ҳам танқид қилинди. “Нега ректор ёшлар билан учрашди, 2-3 та талабани ишли қилди, деган гапни эшитмаймиз? – деди Президент. -  Ёки ректорлар нега талабалар турар жойларига бориб, санъат арбоблари билан учрашув ўтказмайди, нимага таклиф бермайди? Ота-оналар ректорларга қараб турганда, нега улар ташаббус билан чиқмайди? Чунки ҳеч ким ёмон кўрингиси келмайди, амалда ҳамма ўзига яхши бўлишини хоҳлайди.”

Албатта, бундай танқидлардан ҳар бир киши ўзи учун хулоса чиқариб олиши зарур. Мен бу ўринда партиядошларимиз фаолиятини ҳам назарда тутмоқдаман. Чунки “Адолат” СДПда ёшларга оид қатор лойиҳалар бор. Ҳисоботларга қарасак, гўёки ҳаммаси силлиқ кетмоқда. Яъни тадбирлар ўтказиляпти, маърузалар ўқилмоқда, маълум миқдорда фуқаролар қатнашмоқда. Лекин самара қандай? Нечта ёш ишга ёки ўқишга жойланмоқда? Булар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Шуларни ҳисобга  олиб, биз бугун фаоллар билан йиғилиш ўтказдик. Биринчи чоракда қилинган ишларга танқидий баҳо берилди. “Темир дафтар”. “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан яқиндан иш олиб бориш ва бунда албатта, самарадорликка эришиш асосий вазифа қилиб қўйилди. Агар бунинг уддасидан чиқсак,  мамлакатимизда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда  давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини  мустаҳкамлашга, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бўламиз, деб ўйлайман.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+