15 суткалик жазодан ибрат олмадими?

18.05.2021 13:05:36

Кўпчилик инсонлар инетрентни одам онгини заҳарловчи салбий тармоқ, деб ҳисоблайдилар. Бироқ, бизни қай мақсадда ундан фойдаланишимиз интернетнинг салбий ёки ижобий жиҳатини очиб беради. Бу тармоқ орқали кишилар ўзига керакли маълумотларни тезкор топиши, бепул таълим олиши, тил ўрганиши, маълум бир касб-ҳунар сирларидан хабардор бўлиши мумкин. Айтиш зарурки, бугунги шиддатли ахборот асрида ёшларда интернет маданиятини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернет манбаларидан ўз ўрнида тўғри фойдаланиш масалаларига бағишланган тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бориш бугунги давр талаби эканлигини ижтимоий тармоқларда кун ора “тренд”га айланаётган воқеалардан ҳам англаб олиш мумкин.

Яқинда интернет тармоқларини  ларзага солган, буюк мутаффакир Алишер Навоий хайкалини таҳқирлаб тайёрлаган видеоролик “қаҳрамони”ни қилган қилмишини кўриб ҳайратдан ёқа ушлаган, орамизда улуғ аждодларимизга шундай “эҳтиром” кўрсатаётган “ақлли” авлодлар етишиб чиқаётганидан ажабланган эдим. Ўша ёшлар халқимиздан узр сураб чиқди. Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу ҳаракатларни содир этган  каттақўрғонлик йигитларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Не ажабки, айнан яна Каттақўрғон шаҳрида, айнан Алишер Навоий ҳайкали олдида ёшлар томонидан тасвирга олинган навбатдаги видеони кўриб, тўғриси ғазабим қайнади. Ахир кечагина бўлган воқеа, уларнинг хурмача қилиқлари учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тайинланган жазо бу тенгдошларига ибрат мактаби бўлмади. Ёхуд ижтимоий тармоқлардаги маъно ҳам мазмуни ҳам йўқ шундай ҳолатларни гувоҳига айланганлар демак биз ҳам шундай қилсак бўларкан, мен ҳам қила олман деб “машҳурлик”ни шундай йўлини тутмоқдами?

Келажагимиз эгаси, давомичилари саналмиш ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, берилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига вақтини беҳуда ишларга сарфлаётганлар унутманг-ки вақт бебаҳо неъмат. Бошқа неъматларни ўрнини тўлдириш, қайта топиш мумкиндир, аммо йўқотилган, беҳуда сарфланган умрни орқага қайтариб бўлмайди.

Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз бошчилигидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга доир видеоселекторда ёшлар тарбияси, айниқса миллий ғоя ҳақида эътиборга лойиқ фикрлар билдирилгани ёдимда. Давлатимиз раҳбари бу борада куйинчаклик билан гапирар экан, энг аввало,  маънавий қашшоқлик, фикр қарамлигининг олдини олиш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб ўтган эди.

“Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда. Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти”, дея Президентимиз томонидан такрорланган сўзлар хаёлимдан ўтаверади.

Хўш биз қаерда эътиборсизлик қилаяпмиз? Ёшлар маънавиятида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун яна нималар қилишимиз зарур. Жавобини топгандек бўлдим. Ўша йигитларга 15 сутка берилди. Хўш ушбу муддатда улар нимадан сабоқ чиқаради?  Фикримча, ушбу “шаввозлар”га қачонки ҳазрат Алишер Навоийнинг 10 дан ортиқ асарларини ўқиб, уқиб, моҳияти бўйича белгиланган синовдан ўтиб, қандай улуғ зотнинг авлодлари эканини англаб етмагунларича жазо муддатини бекор қилиш керак эмас, деб ўйлайман. Албатта, бу осон иш эмас, бирор янги маълумотин қабул қилиш учун камида 7-8 маротаба ўқиши ёки тинглаши керак экан. 

Агар шундай қилинганида эди, маънавиятидаги бўшлиқ сабаб умрини беҳуда, бекорчи нарсаларга сарфлаётганлар учун қўлланилаётган жазо шунчаки “номигагина” бўлиб қолмайди, улар ушбу муддат ичида дунёқараши ўзгарган, ўз қилмиши учун жавоб бера оладиган онгли инсон бўлиб шаклланиши учун хизмат қилади, деб ҳисоблайман. 

 

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+