18 нафар онахон беллашди

25.06.2021 10:06:33

Маълумки республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Куни кеча мазкур кўрик-танлов Зарбдор туманида ҳам туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Танловнинг туман босқичида Янглиш Сангирова ғолиб бўлди.

– Ҳар бир инсон ўз оиласи тинч-хотиржам ва фарзанду набиралари бахтли ҳаёт кечиришини истайди, – дейди Я.Сангирова. – Бунда қайноналарнинг ўрни алоҳида. Танловда ўз иштироким орқали кимгадир ибрат бўлсин деган умидда ҳаётий мисолларни, жанжалли ҳолатларни саҳналаштирдик. Уларнинг ечимини кўрсатиб беришга интилдик. Ўз оиласида, маҳалласида аҳиллик ва тотувликни ўрната олган бой ҳаётий тажрибага эга, адолатли қайноналар қаторида танловда иштирок этганимдан хурсандман.

Ушбу танловни ташкил этишдан мақсад ҳам оиласида намунали маънавий муҳитни шакллантира олган, адолат тарозисини тенг тута олган қайноналарнинг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг сиёсий билими, оилавий қадриятлар, қайнона-келин муносабатлари, фарзанд тарбияси бўйича тажрибаси баҳоланди. 

Айнан шу мезонлар асосида тумандаги энг намунали деб топилган 18 нафар онахон ўзаро баҳслашишди.

Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ҳамда онахонлар томонидан  ижро этилган саҳна кўринишлар, айтилган алла, лапар ва ўланлар тадбирга янада файз бағишлади.

Тадбир сўнгида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

 

Дилробо ОЧИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Зарбдор туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+