2021 йилда 2 мингта оилавий боғча ташкил этилади

28.05.2021 15:05:42

Кучли ижтимоий сиёсатни, мамлакатнинг келажаги буюк бўлишини истаган ҳар қандай жамият инсон капиталига алоҳида эътибор қаратади. Инсон капиталини ривожлантиришда эса таълим-тарбиянинг ўрни муҳим саналади. Жумладан, таълимга инвестиция киритиш – бу келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир.

Шу боисдан кейинги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни сезиларли равишда ошириш борасида бошланган саъй-ҳаракатлар ижобий натижа бермоқда. Жумладан, бу борадаги ишларни тизимли амалга ошириш учун алоҳида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 200 тадан 18 минг 300 тага, болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 2 баробарга ортиб 2020 йил ҳолатига 60,9 фоизга етказилди. Натижада, мавжуд мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 700 минг нафар болаларга таълим тарбия олиш имконияти яратилди. Шунингдек, ислоҳотларнинг тизимли давом эттирилиши натижасида 2021 йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 65 фоизга, 2030 йилга қадар эса 80,8 фоизга етказилади.

Бу борада бошланган ишларнинг давлатимиз раҳбари томонидан доимий равишда назорат қилиб борилиши, соҳада белгилаб олинган кўрсаткичларга қисқа муддатларда эришиш имконини бериб келмоқда. Жумладан, ушбу ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳадаги камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Аммо, бугунги кунда болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши кўрсаткичида юқори натижалар қайт этилаётганли барча ҳудудлар кесимида қайт этилмаётганлиги оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, йиғилишда Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманлари каби мамлакатимиздаги 53 та туманда мактабгача таълим муассасаси қамрови етарли даражада эмаслиги маълум қилинди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан юқорида қайт этиб ўтилган 53 та туманларда вояга етаётган болажонлар учун 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш, бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи берилди.

Эндиликда, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материаллар бепул етказиб берилади. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида бошланган ислоҳотлардан бири давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларни очиш ишлари ҳам давом эттирилади. Бундай муассасаларда тарбияланаётган ҳар бир бола учун тўлаб келинаётган 50 фоизлик харажатлар субсидияси 75 фоизга етказилади. Хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Шунингдек, давлат томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилиб, 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларидаги қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалласида илғор хорижий тажриба асосида, замонавий жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминланган 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этилади.

Келажагимиз эртаси бўлган болажонларимизни бугунги кун талаблари давражасида таълим тарбия олиши учун белгилаб олинган бундай улкан марралар албатта мамлакатимиздаги ҳар бир ота-онанинг кўнглига шодлик олиб киради. Аммо ушбу ҳаётбахш ғояларни ўз вақтида амалга ошириш биз каби халқ вакилларига улкан масъулият юклайди.

Эндиликда, биз маҳаллий даражадаги халқ вакиллари бўлган депутатлар билан ҳамкорликда юқорида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳар бирини жамоатчилик назорати орқали доимий равишда назорат қилиб боришимиз, ислоҳотлар йўлида учраши мумкин бўлган тўсиқларни ўз вақтида бартараф этишда масъулларга кўмакчи бўлишимиз даркор. Шундагина, кўзланган натижаларга ўз вақтида эришиб, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизга муносиб имконият ва шароитлар яратиб бера оламиз.

 

Музаффара АБДИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+