30 июнь – Ёшлар куни

01.07.2024 17:07:27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги ёшлар билан мулоқотига

МУНОСАБАТ

30 июнь – Ёшлар куни мамлакатимизда доимо кенг ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Бу байрам шодиёналари барча туман ва шаҳарларимизда нафақат ижодий гуруҳларнинг бадиий чиқишлари, балки илмий конференциялар, семинарлар, кўргазмалар, кўрик танловлар, спорт мусобақалари шаклида ўтказилади.

Президентимизнинг ушбу куни ёшлар билан мулоқоти анъанага айланган. Сўнгги мулоқотда давлатимиз раҳбари ёшларга доир давлат сиёсатининг устувор йўналишлари натижаларига тўхталиб, олий ўқув юртларига алоҳида урғу бериб ўтди.

Хусусан, Президентимиз «Олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етди», — деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, бундан 8 йил олдин олий ўқув юртларига кириш осон эмас эди, ҳаммасини 1 августдаги ягона имтиҳон куни ҳал қиларди. Бундан ташқари, олий ўқув юртларининг йўналишларини танлаш имконияти чегараланган, олий ўқув юртлари асосан марказларда жойлашган, уларга кириш учун давлат томонидан белгиланган қўллаб-қувватлаш механизмлари заиф, таълим кредити эса деярли йўқ эди.

Бугун абитуриентларда имтиҳон натижаларига кўра бир пайтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртларини танлаш, деярли барча тижорат банклари томонидан таълим кредитини тақдим қилиниши, 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларга олий ўқув юртларига кириш имкониятлари, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ишчи-ходимлар учун корхона раҳбарияти йўлланмаси билан имтиҳон топшириши ва унинг шартнома суммасини корхона тўлаб бериши, ва яна қатор фуқароларга олий ўқув юртларига кириш имтиёзлари, шунингдек ўқиши давомида шартнома суммаларини тўлиқ ёки қисман тўлаб бериш имкониятлари мавжуд. Эътиборли томони яна шундаки, туман ва шаҳарларда олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари пайдо бўлди ёки уларнинг сони кўпайди. Масалан, Тошкент вилоятининг ўзида 13 та олий ўқув юртлари фаолият юритиб келмоқда, илгари уларнинг сони 3-4 та эди. Ёки Чирчиқ шаҳрида узоқ йиллар давомида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти фаолият юритиб келар эди. Чирчиқлик ёшлар асосан ҳар куни Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларига қатнар эди.

Бугун Чирчиқда ушбу олий таълим муассасасидан ташқари Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети, Чирчиқ давлат педагогика университети, Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институти фаолият юритиб келаётган бўлиб, уларда 30 мингдан ортиқ талаба 20 дан ортиқ йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Ўз навбатида, Чирчиқдаги олий ўқув юртлари Чирчиқ шаҳри, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Қибрай туманлари ёшлари учун яқин масофада жойлашганлиги боис уларни олий ўқув юрти билан қамровини кенгайтирди.

Ушбу олий ўқув юртлари деярли ҳар йили янги кўп қаватли талабалар ётоқхоналарини фойдаланишга топшираётганлиги ҳам талабалар учун ўқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Чирчиқ шаҳрида 4 та олий ўқув юрти фаолияти ушбу шаҳарни «Ёшлар шаҳри»га айланишига замин тайёрлади. Ва илгари кимёгарлар, гидроэнергетиклар ва қурувчилар шаҳри номини олган шаҳар бугун «Ёшлар шаҳри» деб аталиб келинмоқда.

С.Дастиров
«Ёш адолатчилар» қаноти
Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+