60 йиллик анъана

22.04.2021 15:04:04

Ҳар бир шаҳарнинг ўзига яраша удумлари ва анъаналари бўлади. Наманган ҳақида гап кетганда, нафақат мамлакатимиздаги, балки узоқ-яқин хориждаги инсонлар бу ерда “Гул байрами” ўтказиш ажойиб одатга айланганини айтадилар. Чиндан ҳам ҳар йили ташкил этиладиган мазкур тадбир ярим асрдан зиёд вақтдан бери ниҳоятда оммалашди. Боз устига Наманган “Гуллар шаҳри” деган ном ҳам олди.

– Биз яшайдиган ҳовли ҳозирги Бобур номли боғ яқинидаги маҳаллада эди, - деб эслайди “Адолат” СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-технология институти профессори Ҳамид Аҳмадхўжаев. – Ўшанда мен мактаб ўқувчиси эдим. Истироҳатгоҳда ўтказилган байрамни, анвойи гуллар кўргазмасини яхши эслайман. Мазкур тадбир кенг жамоатчиликда катта таассурот қолдирганини биламан.

“Гул байрами”нинг довруғи ва оммавийлиги тобора ошиб бораверди. Унинг қатнашчилари сафи туманлар, қўшни вилоятлар, ҳатто чет эллик иштирокчилар ҳисобига кенгайиб борди. Ташриф буюрадиган нафосат шайдолари орасида эса ўнлаб мамлакатларнинг фуқароларини учратиш мумкин бўлиб қолди. Байрам 1960 йилдан бошлаб узлуксиз 59 марта ўтказилди. Фақат бултур коронавирус пандемияси хуружи сабабли “танаффус” юзага келди.

Бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, унда бу йилги тадбир  «Гуллар фестивали» бренди остида  май ойининг оҳирги ҳафтасида юқори даражада ўтказиш белгиланди. Айни пайтда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Шаҳар кўча ва майдонларини кезсангиз,  гулзорлар ажиб қиёфага кирганлигини кўрасиз. Уларнинг ҳар бири худди рассом мўйқалами билан чизилган чиройли расмни эслатади. Чунки уларнинг ҳар бирида гулларнинг камалакдан ҳам кўп рангларидан фойдаланган ҳолда кўркам манзаралар ифодаланган.

Ҳукумат фармойишига кўра, Наманган вилоятида гулчилик анъаналарини сақлаш, қайта тиклаш, соҳада илмий ўрганиш ва изланишларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, гулчилик тарихини,  хориждан келтирилган гул навларини етиштириш тажрибасини ўрганиш, ёш авлод қалбида гулчилик санъатига бўлган қизиқишни шакллантириш, чет эллик саёҳатчиларни кенг жалб этиш  бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Хорижий давлатлардан маҳоратли гулчилар, экибана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари келиши ҳам назарда тутилмоқда.

Наманган вилоят ҳокимлиги ва маданият бошқармаси тегишли ташкилотлар билан биргаликда фестивалнинг тантанали очилиш маросимини юқори бадиий савияда ташкил этадилар. Фестиваль доирасида Наманган шаҳрининг асосий кўчаларида махсус гуллар билан безатилган 150 та автотранспорт воситаларидан иборат «Байрам паради» ўтказиш кўзда тутилган. Шаҳар марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи эса ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, фотосуратлар, миллий либослар намойиши каби ўнлаб тадбирларга мезбонлик қилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+