73 ёшли онахон “Адолатли қайнона” бўлди

30.06.2021 12:06:19

Ўзбекистон “Адолат” СДП  ва Нуронийлар жамғармаси ҳамкорлигида  ташкил этилган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг Жомбой туман босқичи бўлиб ўтди. Танловда ўттизга яқин маҳаллалардан ташриф буюрган онахонлар ўз ибрат мактабларини бошқаларга намойиш этди.

-Маълумотларга кўра биргина, ўтган бир йил мобайнида 34 мингга яқин ажрим ҳолатлари айнан вилоятимизда кузатилган бўлиб, бу эса ана шунча боланинг ота ёки она меҳридан мосуво бўлиши демакдир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этишлари лозим. Оилада ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун келинларга билмаганларини ўргатиши, уларни тўғри йўлга солиш қайнонанинг вазифаси. Келинлар ҳам буни тўғри қабул қилиб тушуниши, билмаганларини маслаҳат қилиб сурашни ўрганиши зарур - дейди партиянинг туман Кенгаши раиси Комила Умарова – Ушбу танловнинг ташкил этилиши ҳам оилаларга ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Ўйлайманки, болаларни етим қиладиган ажримларнинг ҳам олди олинишига сабаб бўлади.

Турли кўргазмали чиқишлар билан тажраба алмашиш майдони бўлган ушбу танловда иштирокчилар “Адолатли қайнона”, “Ибратли қайнона”, “Ташаббускор қайнона”, “Зукко қайнона” каби номинациялар бўйича тақдирланишди.

Фахрли ўринларни тумандаги “Шодлик”, “Алишер Навоий”, “Сарой” маҳалла фуқаролари йиғинидан келган онахонларимиз эгаллашди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу танловда ёш чегара билмади. Танлов шартларига кўра ҳар томонлама атрофидагиларга ибрат бўлган иштирокчи - 73 ёшли Гулсара она Зулфанова “Энг адолатли қайнона” деб топилди.

-Келин ҳам бир ниҳол, уни қайси тарафга эгсангиз эгилади. Бамисоли бир хамирки зуваласини пишитиб чиройли нон пиширсангиз бўлади. Аммо шу ниҳол ўсганча, хамиримиз тобига келгунча қанча меҳнат қиламиз — деди жомбойлик “Энг адолатли қайнона” Гулсара она Зулфанова. — Бировнинг жонига жойлаб ўстирган қизини уйимизга олиб келарканмиз, унинг ҳам бир ниҳол эканлигини унутмайлик. Уни қанча ардоқласак, билмаганларини ўргатсак, етакласак, шунда келиннинг оилага мослашиши осон, оиласи мустаҳкам бўлади.  Оила ҳаёти ҳар доим ҳам қувончли, сурурли кунлардан иборат бўлмайди. Турмушда қийинчилик ва етишмовчилик, низо ва зиддият, келишмовчиликлар учрайди. Қийинчиликларда ҳамжиҳат бўлинмаса, камчиликларни кечириб, бир-бирини тушуниб, самимий бўлинмас экан, ундай оилада тотувлик бўлмайди.

Онахон айни дамда 10 нафар фарзанднинг онаси, 31 набира, 15 чеваранинг суюкли бувижониси бўлиб, яқинлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда. 

 

Дилмурод МАҲРАМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши Ёш адолатчилар қаноти раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+