Аччиқ бодом ейишни хоҳламаётганлар

30.03.2021 14:03:51

Танқид бу – аччиқ бодом. Чунки аччиқ бодомнинг таъми тилга ёқмаса ҳам танга давоси кучлироқ. Танқид ҳам баъзиларга ёқмагани билан ижобий натижалар сари йўл очади аслида. Танқидга келажак меваси, дея таъриф берилишининг замирида ҳам ана шундай ҳаётий ҳақиқат мужассам. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  Тошкент вилоятига ташрифи давомида  журналистлар билан мулоқот қилар экан, танқиднинг кучи ва таъсири борасидаги  ўз муносабатини  билдирди. Яъни «Танқид қилинглар! Топшириқ берилган бўлса, нега бажармаяпсан, дея фамилиясини, расмини олиб чиқиб, кўрсатинглар, бутун эл билсин. Биласизларми, бу – учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Сизларнинг кучларинг катта», -дея журналистларга юзланди давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан бугун айрим мутассаддиларга танқид ёқмай қолгани, журналистлар томонидан олиб чиқилган муаммоли масалага расмий муносабат берилмаётгани оддий холга айланиб қолаётгани ОАВ ва халқнинг ишончсизлигини юзага келтирмоқда. Масалан Sirdaryo xabarlari расмий сайти ва adolat.uz сайтида жорий йилнинг 19 март куни чоп этилган «Сойибобод маҳалласининг йўллари қачон обод бўлади?» мавзусидаги мақолани ўқиган Гулистон туманининг масъуллари орадан маълум вақт ўтса ҳамки ўзининг расмий муносабатини билдиргани йўқ. Яъни, мақолада халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Орифжон Қудратов томонидан «Сойибобод» маҳалласи аҳолиси билан ўтказган мулоқотида ўртага ташланган маҳалланинг ички йўллари таъмири билан боғлиқ масала мана ўн кундан буён ўз ечимини кутиб турибди. Депутатнинг ушбу масаладаги сўровлари жавобсиз қолаётгани ҳақида ҳам мақолада айтиб ўтилган эди. Бу сафар ҳам мазкур мурожаат жавобсиз қолади шекили. Чунки маҳалла раиси Ўткир Тўхтамишев билан боғланганимизда йўл таъмирига масъуллар маҳаллага келиб йўлларни кўргани ва таъмирлаш ишлари қачонки дастурга киритилсагина бошланишини маълум қилганини айтди. «Камолот», «Синчалак», «Намуна» кўчаларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари эса айни ёғингарчилик кунларида йўлларнинг таъмирталаб аҳволи янада ёмонлашганидан норози. Гапнинг индаллосини айтганда, Президентимиз томонидан сектор раҳбарлари ва мутассадди ташкилот масъулларига   халқни рози қилиш ҳамда танқиддан чўғри хулоса чиқариш вазифаси юкланаётган бир пайтда аҳолининг ҳақли эърозига сабаб бўлаётган масалага ечим топиш пайсалга солинаётгани аниқ. Демак «Сойибобод» маҳалласининг таъмирталаб йўлларини таъмирлашга масъуллар аччиқ бодом ейишни хоҳлашмаётгани аниқ. Биз мавзуга яна қайтамиз.

Маҳфират Худойбердиева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+