“Адолат”чи” аёллар шарафланди

05.03.2021 20:03:39

Анъанага кўра баҳор байрами – 8 март арафасида ҳаммамиз мунис ва мукаррам  онажонлар, меҳрибон опа-сингиллар, суюкли қизларимизга эҳтиром кўрсатамиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашида ҳам байрам муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унинг иштирокчилари аввало, мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, ҳамма соҳаларда гендер тангликни таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини қайд этдилар.

Чиндан ҳам бугунги кунда “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти сафида  ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, бой амалий тажрибаси, жамоатчилик ишларидаги фаол иштироки билан кўпчиликнинг эътиборини қозонаётган аёллар кўплаб саналади. Бундан ташқари, улар жамоада, маҳаллада ва оилада  маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшмоқдалар.

Масалан, тўрақўрғонлик “адолат”чилар сардори З. Аҳмедовани олайлик. У раҳбарлик қилаётган туман кенгаши ҳозир нафақат вилоятда, балки республикада ҳам энг намуналилардан ҳисобланади. Бу ерда аъзолар сафи тобора кенгайиб, БПТ сони ошиб бормоқда. Яқинда  партиямиз фахрийси, “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳам муносиб тақдирланди. У “Адолат” кўкрак нашонига сазовор бўлди.

 Партия иши учун жонкуяр, халқ ўртасида катта обрў-эътибор қозонган сафдош аёлларимиз жуда кўп. Халқ депутатлари Янгиқўрғон, Учқўрғон, Чуст  туман кенгашлари депутатлари Гулчеҳра Усмонова,  Феруза Абдуллаева, Рўзигул Анорқулова ҳам ана шулар жумласидандир. Бундай опа-сингилларимизнинг намунаси барча партиядошларимизни янада самаралироқ ва фидокорона яшнаб келишга чорламоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан Халқаро хотин-қизлар куни - 8 март шарафига ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят, шаҳар, туман кенгашларининг масъул ходимлари, депутатлар, фаоллар иштирок этдилар.  Сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев, “Адолат” СДП Наманган шаҳар ва Учқўрғон туман кенгашларининг раислари Саидолим Абдураҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда  хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчиликнинг эътиборига сазовор бўлаётганлигини таъкидладилар. Меҳнатда ҳамда жамоат ишларида юксак натижаларга эришаётган “адолатчи” аёлларга “Адолат” СДП вилоят кенгашининг Фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар иштирокидаги куй ва қўшиқлар даврага алоҳида файз киритди. Баҳорнинг дастлабки байрами кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчиларнинг кўнглини хушнуд этди.

 - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбир ҳаммамизда катта таассурот қолдирди, - дейди партия вилоят кенгаши мутахассиси Ойлархон Охунова. - Ҳаёт безаги, инсон наслининг давомчиси саналмиш аёллар шаънига самимий табрик сўзлари янгради, ажойиб шеърлар ўқилди, пурмаъно фикрлар изҳор этилди. Булар барчамизнинг қалбимизни қувончга тўлдирди. Юрт тараққиёти, партиямизнинг ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида янада астойдил меҳнат қилишга аҳд этдик.       

Худди шундай тантанали тадбирлар вилоят туманларида ҳам  ташкил этилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+