“Адолат”чилар – халқаро гуллар фестивалида

30.05.2021 10:05:18

Мана бир неча кундирки, Наманганда 60-Халқаро гуллар фестивали қизғин давом этмоқда. Гўзаллик ва нафосат байрамида  қатнашиш учун ҳар куни минг-минглаб юртдошларимиз Бобур номли боғга ташриф буюрмоқдалар. Улар орасида албатта, партиядошларимиз ҳам бор. Куни кеча “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ходимлари   бетакрор    кўргазмалар билан танишдилар.

– Ҳаммамизда гуллардан шакллантирилган чиройли композициялар катта таассурот қолдирди, - дейди  вилоят партия Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Сайр баҳона “Адолат” СДП ғояларини ҳам тарғиб этдик. Ўзаро учрашувларда партия сайловолди дастури ҳақида маълумот бердик. Қизиққанларга нишон ва байроқлар, адабиётлар тақдим этдик.

Бевосита фестивалга келсак, гул сайли иштирокчилари  орасида  нафақат Ўзбекистоннинг  турли  вилоятларидан,  балки Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳам анчагина. Улар  турфа гуллар кўргазмалари, бошқа маданий тадбирларни ҳар қанча томоша қилсалар, завқлансалар арзийди. Айниқса, ранг-баранг  чечаклардан ороланиб, кўнгилга ёқадиган ифорга бурканган  ажиб манзаралардан кўз узиш қийин. Уста гулкорлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳаваскор боғбонлари байрамга 100 дан ортиқ композицияли кўринишлар барпо қилишган.

Боғ марказидаги   гулзорлардан бири  Наманган вилояти Қурилиш  бош  бошқармаси учун ажратилган. Чиройли ва нафис   композициялар айнан бунёдкорлар қўли билан яратилганлиги узоқдан    кўзга  ташланади. Чунки коржомадаги икки қурувчи кираверишда ҳаммани қутлаб, гуллардан яралган “гилам”ни томоша  қилишга   чорламоқда. Марказга яқин жойда  эса   мўъжазгина қурилиш  майдончаси диққатингизни тортади.     Бу  ерда тўққиз ва ўн олти қаватли бинолар бунёд этилмоқда.   Қудратли минорали кран  зарур ашё ва материалларни юқорига олиб  чиқишга  тайёр. Баҳайбат ағдарма машиналар ҳам бинокорларга камарбаста.

– Биз  гуллар ёрдамида бежиз бундай манзарани яратганимиз йўқ, - дейди бош    бошқарма касаба уюшма қўмитаси раиси  Неъматжон Жўрабоев.- Бугунги  кунда қурилиш  иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлангани ҳеч   кимга  сир эмас. Ҳамкасбларимиз худди захматкаш гулчилар бизни нафосатга ошно қилганликлари каби юртни гўзал ва кўркам, салобатли бинолар билан безамоқдалар. Вужудга келган композициядан шундай  маънони  англаш мумкин, менимча.

76 ёшли Жўрахон ота Мўминов билан ҳам шу ерда учрашдик. У бутун умрини гулчилик равнақига бағишлаган. Айниқса,  унинг кактусчиликни кенг йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳамма  тан берган. Икки фарзанди ва неваралари ҳам ота изидан бориб, ўзи тиканли, бироқ, ажойиб кўринишга эга бу гулларни ардоқлаб келмоқда.  Мўминовларнинг 25 сотихли гулхонасида  120 турдаги 10 мингдан ортиқ кактус бор.

- Андижон туманининг Хакан қишлоғидан келганман, - дейди уста гулчи    Исломбек Турдивалиев. – Менинг кўргазмамдан  20 дан ортиқ турдаги гуллар жой олган. Йил бўйи очилиб турадиган мучмулланинг мухлислари кўп чиқиб қолди. Бўйи уч метрга етадиган “Қора шаҳзода”нинг ёнида эсдаликка суратга тушиш учун эса одамлар ҳатто навбатда туришибди.

Хуллас, Халқаро Гуллар фестивали давом этмоқда. У 31 май куни якунланиб, ғолибларга совринлар топширилади. Мукофотлар ичида учта енгил автомобиль ҳам бор.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+