«Адолат»фаоли кўмагидан миннатдорман

02.10.2022 11:10:44

Ҳаётда турли қийинчиликлар бўлади ва уларни енгишга доимо ўзимизда куч топа олмаймиз. Айниқса моддий қийинчиликлар инсонни ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзади. Бу ўринда ҳар бир кўмакка чўзилган қўллар бизга умид бағишлайди. Руҳиятимизни кўтаради ва ёлғиз эмаслигимизни ҳис қилишга ёрдам беради.

Менинг 4 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан сўнгги пайтларда ҳеч келиша олмадик, жанжалнинг кети узилмасди. Нима қилишни билмасдим, оила таъминоти, фарзандларни моддий таъминлаш эса қийинлашиб борарди. Қанча ҳаракат қилмай имконини топа олмадим. Фарзандларимни олиб, ота уйим жойлашган Қувасой шаҳрига қайтдим. На ишим ва на пулим бор эди. Алқисса, болаларим таъминоти учун алиментга ариза бердим аммо умидларим пучга чиқди. Турмуш ўртоғимнинг болалари учун пул бериш нияти йўқ эди. Шунда «Мадагаскар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тузилган «Адолат» СДПнинг бошланғич партия ташкилоти раиси Динара Юлдашевага мурожаат қилдим. Улар мени диққат билан эшитиб, ёрдам беришини билдирди. Уларнинг кўмаги билан жорий йилнинг сентябрь ойида 5 миллион сўм алимент пули олдим.

Лекин ҳеч қанча вақт ўтмасдан турмуш ўртоғим мени огоҳлантирмай боғчадаги кичик фарзандимни уйига олиб кетди ва болани рўкач қилиб мендан алимент ундириш пайига тушди. Хонадонидаги шароитни билганим учун боламни қайтариб олиш илинжида эдим. У ерда ёлғиз ўзи бизсиз жуда қийналарди. Аммо ҳаракатларим самарасиз кетди. Яна кўмак сўрадим. Тегишли ташкилотлар томонидан вазият ўрганилиб, тушунмовчиликлар бартараф этилди. Болам бағримга қайтариладиган бўлди. Масъуллар яшаш шароитим билан танишганидан сўнг уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам тез кунда ҳал этиладиган бўлди.

Мени қўллаб-қувватлаб, кўмак бергани учун партия фаоли Динара Юлдашевага миннатдорчилик билдираман.

Гулнора ТЎЛАНБОЕВА.

Қувасой шаҳри.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+