Адолат устувор бўлган юртда тараққиёт юксалади

28.12.2022 07:12:46

Гувоҳи бўлганимиздек, жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини барча юртдошларимиз катта эътибор ва қизиқиш билан тингладилар.

Аввало, ушбу Мурожаатнома ўзининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ҳаётидаги устувор йўналишларни кенг қамраб олинганлиги ва унда барча соҳалар чуқур таҳлил этилганлигини алоҳида таъкидламоқ лозим. 

Айниқса, юртимизда демократия ва адолат устуворлигини таъминлаш, қонунларга тўла ва изчил амал қилинишига эришиш, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган ҳар қандай салбий ҳолатга барҳам бериш, бунинг учун эса барча йўналишларда шаффофликка эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги биз учун муҳимдир.

«Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим», - деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани, шу билан бирга, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани таъкидланди.

«Нима учун, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни «электрон танлаш» тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?», - дея савол қўйди Президентимиз. Ва тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш бўйича топшириқ бердилар.

Энди қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади.

Янги тизим доирасида:

- тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади;

- терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;

- судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади;

- одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади;

- судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади.

- айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Президент охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.

«Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади», - деди Давлат Раҳбари.

Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлангани таъкидланди.

Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган. Президентимиз Мурожаатномасида эътироф этилган юқоридаги вазифалар бизни доимо адолат билан иш кўришга, халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.

Ф.ҚАРШИЕВ,

Ф.АНОРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди судьялари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+