«Адолатчи»донорларнинг навбатдаги хайрли юриши

05.06.2024 15:06:32

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бахтсиз ҳодиса натижасида кимдир қонга муҳтож бўлса қаердан олади? Яна айрим касалликларга чалинганлар ҳам қонга муҳтожлик сезади. Агар бемор болаларга қон керак бўлсачи? Шундай вақтларда қон қуйиш марказларида ҳамма вақт қуйиладиган қон ёки беғараз ёрдамга тайёр инсонлар топиладими? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Сабаби, республикамизда донорлик қонига талаб жуда юқори.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳар йили Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзолари ташаббус билан чиқиб, жамоатчиликни донорликка чақиради.

Андижонлик «адолатчилар» бу йил тарғибот ишларини эртароқ бошладилар. Меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда бемор болаларга ҳаёт бағишлаш инсонийликнинг олий кўриниши экани, донорликнинг ўз саломатлигимизга фойдаси тўғрисида тушунча берилди. Жамоатчилик жойларига ўрнатилган чақириқлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Уч кун давом этган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги акция ўзига хос эзгулик ва саховат тантанасига айланди. Кўнгилли «адолатчилар» бемор болаларга ҳаёт бағишлаш мақсадида Андижон шаҳридаги қон қуйиш марказига кириб келдилар. Соҳа мутахассислари дастлаб донорлик тўғрисида тушунча бердилар. Ўз ўрнида топшириладиган қон бемор болаларни соғломлаштиришга хизмат қилишлиги таъкидланди.

Тадбир қатнашчиларининг сафи бу йил янада кенгайгани эътиборли. 2023 йилда 156 нафар сафдошимиз бу хайрли ишда қатнашиш истагини билдирган бўлса бу йил 220 нафар кўнгиллилар болалар саломатлигига бефарқ эмаслигини кўрсатди. Байрамона кайфиятда савобли йўлга чиққанлар орасида ёшларнинг кўплиги эътиборли. Айниқса, Андижон давлат тиббиёт институтидаги БПТ аъзолари қон топшириш билан бирга жамоатчилик орасида тарғибот ишларини олиб бордилар.

Бекзод Шокиржонов, Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, «Ёш адолатчи»:

-Шифокорлик касбини танлашнинг ўзи мени эзгулик йўлига бошлаган. Амалиёт даврида бемор болаларни кўрганда уларга доим меҳр, кўмак зарурлигини сезаман. Аслида болаларни севмайдиган, уларнинг кулгисидан қувонмайдиган инсон бўлмаса керак. Агар бола бирон дардга чалинса дунё қоронғилашади. Бугун ана шундай бемор болалар учун қон топширдим. Тенгдошларим ҳам шундай қарор қилган.

Шу ўринда қуйидаги маълумотга эътибор қаратайлик: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширувчилар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида ўнта ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши керак. Бироқ маълумотлар Ўзбекистонда бу кўрсаткич етарли эмаслигини кўрсатади.

Кўриниб турибди, донорлик қанчалик зарурат. Шу сабаб ҳамкорликда ишловчи жамоатчилик ташкилотлари билан бир қаторда бу йил суд идоралари ва ички ишлар ходимлари ҳам ташаббусимизни қўллаб-қувватлади.

Дилфуза Мансурова, Андижон вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори:

-Тўғри, ҳар йили донорлик кунида ўз қонини «ҳадя қилувчилар» сони ортади. Шундай бўлсада, «адолатчилар»нинг болаларга меҳр ва ҳаёт улашишга қаратилган хайрли тадбиридан хурсандмиз. Донор бўлишга аҳд қилганлар катта масъулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берарди, бугун эса бошқаларни ҳолидан ҳам хабардор. Донорликнинг ўз талаблари бор. шундан келиб чиқиб марказимизга келган кўнгилли қон топшириш истагидагиларнинг 62 нафаридан 23.6 литр қон олинди. Албатта бу кўплаб бемор болаларга ҳаёт бағишлайди.

Сизчи? Сиз савоб олишни истамайсизми? Агар келажагимиз эгаларини яхши кўрсангиз ҳали ҳам кеч эмас.

Акбаржон Назаров,
«Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+