«Адолатчи» ёзган китоб тақдимоти

19.06.2024 11:06:09

Ҳаётда бахтли яшашга, улкан орзулар сари курашга чорлайдиган  ва мустақил тафаккур қилиш  қобилиятини  тарбиялайдиган восита бу – китоб. Албатта,  ҳар бир китоб ўқиш учун ёзилади ва унда маълум маънода фикр, билим бор.

Қарши шаҳридаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  Жамоат Фонди томонидан «Ёшлар муаммоси –жамият муаммоси» грантлар лойиҳаси доирасида «Юрт таровати» газетаси Бош муҳаррири, «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг  фаол ва жонкуяр аъзоси Насиба Ибрагимованинг «Ёшлар муаммоси-жамият муаммоси» номли китобининг  тақдимоти бўлиб ўтди.

Қизиқарли ва ёрқин таассуротларга бой тарзда ўтган китобхонлик тақдимотида  партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева, Муборак туман  «Баркамол авлод» болалар мактабининг Инновацион технологияларни жорий этиш ва иқтидорли болалар билан ишлаш бўлими бошлиғи, грант лойиҳаси фаоли Маҳлиё Қурбонова, шаҳар ижодкор  ёшлари  ҳамда кутубхона ходимлари  иштирок этишди.

–Бугун юртимизда  аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишига ҳар қачонгиданда кўра кўпроқ аҳамият бериляпти,- дейди китоб муаллифи Насиба Ибрагимова. -Шу туфайли ҳам  китоб ўқиш, ундан баҳраманд бўлиш, ҳаётимиз,  яшаш тарзимизнинг муҳим бир қисми бўлиб қолиши шарт. Мен китобдаги  янги ғоялардан, гўзаллик дунёсидан ўқувчиларни баҳраманд  этаётганимдан мамнунман.

Тақдимот сўнгида  грант лойиҳасининг  фаол иштирокчиларига «Адолат»  СДП нинг совғалари топширилди.

-Ушбу китобда «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг ёшлар билан олиб бораётган ишлари, ўтказиб келинаётган турли танловлар ҳақида менинг ҳам мақолам ўрин олганидан бениҳоя мамнунман,-дейди партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Гулноза Раджабова.- Биз,  «Адолатчи»лар  бундан кейин ҳам турли йўналишдаги  грант лойиҳаларида  фаоллик ва ташаббус билан иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз.

Тақдимот барча тўпланганлар шуурида илиқлик уйғотди.

                                             “Адолат” СДП

Қашқадарё  вилоят Кенгаши

                        Матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+