Aдолатли қайноналар Тайлоқ туманида

25.12.2023 13:12:28

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик азалдан юксак қадрият ҳисобланган. Зеро, жамият тараққиёти, юртимиз ривожи, энг асосийси, ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялашда, оилалар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашда нуроний отахон ва онахонларнинг алоҳида ўрни бор. Шу мақсадда кекса авлод вакиллари билан турли тадбирлар, уч авлод учрашувларининг ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас.


Aна шундай тадбирлардан бири бугун Тайлоқ туманида ўтказилди. Уч авлод вакиллари иштирок этган тадбир меҳмони - таниқли ёзувчи, қалами ўткир журналист - Каримберди Тўрамурод бўлди.


Тадбирда иштирок этган туман “Aдолатли қайноналар Кенгаши” раҳбари Ўғилой Йўлдошева ҳамда вилоят “Бувижонлар мактаби” раҳбари партиянинг “Aдолат” кўкрак нишони соҳибаси Гулбаҳор Ҳусаиновалар юртимизда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод” учрашувларининг мақсади, ёшлар таълим-тарбиясида бу каби учрашувларнинг аҳамияти ҳамда Каримберди Тўрамуроднинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб ўтишди.


Шундан сўнг, журналист ва ёзувчи - Каримберди Тўрамурод ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотга киришди. Ўзининг болалик чоғлари, дўстлари, талабалик даврлари, ижоди, қолаверса, тарих ва бугун ёшлар маънавияти ва дунёқараши, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўз фикрларини очиқ баён этди. Шунингдек, ўз ижод намуналаридан шеърлар ўқиб берди.


Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифлари билан К. Тўрамуродовга мурожаат қилишди.


Туман маданият бўлими санъаткорлари, қолаверса, Aдолатли қайноналар Кенгаши аъзоларидан ташкил топган “Жозиба” гуруҳи аъзоларининг мусиқий чиқишлари даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.


Учрашув якунида тадбир ташкилотчилари тақдирланди.

Самарқанд вилояти,
Нилуфар Aкрамова,
“Aдолат”СДП Тайлоқ туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+