Адвокатлар – партиянинг ишончли ҳамкори

30.09.2020 12:09:57

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилишда адвокатларнинг ўрни” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси Г.Худойбердиева, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси раиси ва адвокатлари, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг  Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши раиси Р.Ҳайитов кириш сўзи билан очиб, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар тўғрисида қисқача тўхталди.

Тадбир давомида сўз олганлар мамлакатимизда сўнгги йилларда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш юзасидан қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги таъкидланди. Жумладан, “Адвокатура тўғрисида”ги қонун Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида биринчилардан бўлиб қабул қилинганлиги шунингдек, ўнлаб бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этишди.

Бугунги кунда адвокатура замонавий давлат ҳуқуқий тизимининг энг муҳим институти бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларга малакали ва давлатдан мустақил ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларнинг ҳимояланишини таъминлаш унинг вазифасидир.  Бу борада адвокатларнинг соҳавий фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича ихтисослашуви суд ишларини ҳар томонлама адолатли, сифатли ва самарали кўрилишида муҳим ўринга эгалиги Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси Г.Худойбердиева томонидан айтиб ўтилди.

Шунга қарамасдан тадбир иштирокчилари томонидан амалда бажарилиши лозим бўлган ечимталаб қатор масалалар тилга олинди. Жумладан, адвокатлар фаолиятининг самарали фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлаётган муаммолар сақланиб қолаётганлигини таъкидланди. Жумладан, қонунчиликда адвокатларнинг ойлик бадал тўловининг юқорилиги,  12 % ижтимоий тўловлар ҳамда 12 % даромад солиғи каби бир қанча қўшимча тўлов турларини тўлаш белгиланган. Умуман, адвокатлар даромадининг пастлиги адвокатлар тузулмаларининг ночорлиги, аксарият юристларнинг ушбу соҳани асосий касб сифатида қарамаслигига асос бўлмоқда. Бундан ташқари соҳада ташкил этилаётган малака ошириш курсларида иштирок этаётган адвокатлар барча харажатларни ўз ҳисобларидан қоплайдилар. Жумладан, Юристлар Малакасини ошириш институтида судьялар,  нотариуслар, ташкилотлар  ҳуқуқшунослари малака оширишлари,  прокуратура ва ИИБ тизимида ҳам давлат томонидан молиялаштирилади. Ўқиш даврида уларнинг иш ҳақлари сақланиб қолади. Адвокатнинг малака ошириш билан ҳамма харажатлари ўқиш учун тўлаш,  бориб келиш каби барча харажатлар  ўз ҳисобидан амалга оширилади, бирор имтиёз йўқлиги уларни доимий қийнаб келаётганлигини айтди. 

Давлатимиз томонидан аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Аммо, адвокатура тизимида ишлайдиган аёлларга  декрет ва туғиш билан боғлиқ алоҳида имтиёзлар мавжуд эмас. Адвокатура тизимида ишлайдиган барча адвокатларга таътил бўйича бирор тўлов ёки имтиёз йўқ. Бундан ташқари, адвокатура ҳуқуқий адабиётлар,  фаолият учун зарур бўлган техника воситалари билан таъминланмаган.

Тадбир сўнгида партиянинг сайловолди дастурида алоҳида бўлим “Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” дея номланиб, унда адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриши, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш масалалари ўрин олганлиги таъкидланди.  

Акбар ЖАЙНАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий

вилоят  Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+