Афғон диёрининг тинчлиги биз учун ҳам эътиборли

27.07.2022 11:07:23

Ўзбекистонда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясининг ўтказилиши давлатимиз яқин қўшничилик муносабатларига бефарқ қарамаслигини кўрсатади. Қўшнинг тинч-сен тинч, дея бежиз айтмайдилар. Бугун ён қўшнимиз- Афғонистондаги вазият бизни ҳам ташвишга солмоқда.

Нуфузли халқаро тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида юқоридагиларга алоҳида тўхталдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги мақсадларга қатъий содиқ эканини алоҳида таъкидладилар. Унда қатнашаётган  давлатлар Афғонистон муаммоларини ҳал этиш ва афғон халқига ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилишда бевосита қатнашиб келаётгани ва мазкур конференция Афғонистоннинг янги ҳукумати билан афғон халқи ва бутун халқаро ҳамжамият манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан амалий фикр алмашиш учун имкон яратади, дея ишонч билдирди. Бу ўз ўзидан қўшни давлатлар ҳаётида ҳам конференциянинг қанчалик катта аҳамият касб этишини кўрсатади.

Шу ўринда айтиш мумкинки, Афғонистоннинг тинчлиги Ўзбекистон  учун ҳам эътиборли. Негаки ўзбек ва афғон халқлари минг йиллар давомида ёнма-ён яшаб келади. Икки халқни умумий маданий, маънавий ва тарихий қадриятлар, ягона дин ва буюк аждодларимизнинг мероси бирлаштириб туради. Агар  афғон халқи тинч бўлмаса биз ҳам хавфсизлик ва тараққиётга эриша олмаймиз. Афғон юртида узоқ йиллардан буён давом этаётган нотинчликларга барҳам бериш учун биргаликда курашишимиз лозим.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, кейинги йилларда Афғонистонни қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш йўлидаги ҳаракатини  қўллаб-қувватлашимиз зарур. Мазкур давлатда  терроризмнинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш бу борада катта аҳамиятга эга. Терроризмга қарши халқаро ташкилотлар фаолиятини ҳам янада жонлантириш вақти келди.

Албатта юқоридагиларга бирдан эришиб бўлмайди. Қачонки биргаликда ҳаракат қилинса  муаммога ўрин қолмайди. Конференциядан кўзланган асл мақсад ҳам мана шу.

Йигитали Бекбоев,

халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+