Аҳоли жон бошига ажратилган дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган маблағ миқдори 3 барабарга оширилади

27.05.2021 14:05:07

Соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича давлат раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлаш борасида жиддий эътибор қаратилиб келинмоқда. Яқинда Соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 15 июндан бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилади. Бунинг учун 2021 йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

Рақобат бор жойда ҳаракат, ривожланиш ва ўсиш бўлади. Айни ушбу рақобатни соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам жалб қилиниши мақсадга мувофиқ. Бу ушбу қарорда акс этган, яъни барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилиб, ҳар чоракда натижалар Президент Администрацияси ва ҳукуматга киритиб борилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида сезиларли даражада ривожланиш бўлаётгани билан олис қишлоқ жойларида аҳолини тўлиқ ва сифатли кўрикдан ўтказиш кўнгилдагидек деб бўлмайди. Айнан ушбу масалани ҳам бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланган. 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган махсус автобусларнинг камида 3 та тажриба намунаси яратилади.

Аҳамиятлиси, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан янгиланган овқатланиш рациони ҳамда ушбу йўналиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга талаблар амалиётга киритиладиган бўлди. Бунда, болаларнинг соғлиғига зарар ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларини мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар ҳудудида сотишга чекловлар қўйилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, қарор билан ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасида электрон тизим билан ишлайдиган бир нафардан IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади. Ушбу IT оператор – ҳамширалари ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни туман (шаҳар) IT марказларида бепул ўқитиш машғулотларини ташкил этилиши белгиланган.

Президентимизнинг ушбу қарорида белгиланган барча вазифалар тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга шу орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга ва тиббиёт соҳаси фаолиятини тизимли йўлга қўйишга хизмат қилади ва бунинг ижроси албатта ҳар биримизга боғлиқдир.

 

 

Халилла КИЧКАНАКОВ,

Халқ депутатлари Беруний тумани

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+