Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш сифати оширилмоқда

31.05.2021 17:05:32

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўлган Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳар йили қабул қилиб келинаётган Давлат дастурларида барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини янада юксалтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бу борада қабул қилинган тизимни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2019 –2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси соҳа тараққиётини янги босқичга кўтарди.

Концепция доирасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, шунингдек, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш каби бир қатор вазифалар билан биргаликда гематология ва онкология касалликларини даволаш кўрсаткичларини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб берилган.

Куни кеча қабул қилинган “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Гематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Қарор билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази 1 сентябрга қадар 300 ўринли замонавий талаблар асосида жиҳозланган, катталар ва болалар учун алоҳида жарроҳлик, жонлантириш, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология бўлимлари, шунингдек, радио диагностика ва радио даволаш бўлимлари, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлинмасини, болаларга таълим олиш имконияти яратилган бинога кўчириб ўтказилиши белгилаб берилмоқда.

2022 йил 1 январдан бошлаб, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида мустақил фаолият юритадиган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти йўлга қўйилиб, хорижий экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари жалб қилинади. Шунингдек, 2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлими негизида умумий штатлар ва стационар ўринлар доирасида Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил этилади.

Онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард сўм, 2022 йилдан бошлаб эса 125 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади.

Шунингдек, қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилишга оид ишлар амалга оширилади. Хусусан, 9-14 ёшдаги ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмланади. 30-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45-65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининглари ўтказилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудий соғлиқни сақлаш умумий бюджет фонди доирасида туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхона”лари таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этилади. Ушбу хоналардаги текширувлар сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан махсус ахборот бошқаруви тизими орқали назорат қилиб борилади.

Шу билан бирга, 2021 йил 15 июнга қадар ҳудудлардаги гематология ва онкология хизматлари сифатини ошириш, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва онкология диспансерлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун сарфланадиган харажатларнинг 40 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маблағлари ҳисобидан, 60 фоизи эса 2021 йил 1 октябрга қадар маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади.

Гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассислар хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи йўлга қўйилиб, уларнинг харажатлари Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари ҳам давлат бюджетидан, онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар эса тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида белгилаб берилган ҳаётбахш ташаббусларнинг соҳага жорий этилиши натижасида, 2021-2022 йиллар давомида аҳоли орасида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш борасида юқори натижаларга эришилади.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+