Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошади

28.05.2021 12:05:37

Тараққиётнинг янги босқичида соғлиқни сақлаш тизимида тизимли ва изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Мазкур ҳужжатда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтингини жорий қилишга оид алоҳида вазифа белгилаб берилмоқда. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиздаги кўплаб соҳалар ҳамда секторлар фаолиятини баҳолаш учун жорий этилган бундай баҳолаш тизими қисқа вақт ичида ўз самарасини бериб, ҳудудларда аҳоли муаммолари билан ишлашга масъул бўлган раҳбар ходимлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқди. Ушбу тизимнинг соғлиқни сақлашда ҳам жорий этилиши соҳадаги ислоҳотларни сифатли ҳамда манзилли амалга оширишга, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

Шунингдек, қарор билан “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган 3 та махсус автобуслар ташкил этилмоқда. Бу турдаги замонавий мобиль кўчма профилактика ва скрининг марказларининг йўлга қўйилиши, касалликларни барвақт аниқлаш ва уни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.

Бугунги кунда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда соҳага ўз вақтида замонавий ахборот-коммуникацион технологияларининг жорий этилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизматига ахборот технологияларининг жорий қилиниши натижасида 2016 йилда чақириқларга етиб боришнинг ўртача вақти 25-30 дақиқани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 8-12 дақиқани ташкил этмоқда.

Қарор билан бу борада бошланган ишлар давом эттирилиб, ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасида, туман (шаҳар) ҳамда барча вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида уларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида IT оператор – ҳамшира лавозими жорий этилмоқда.

2021 йил 1 июлдан бошлаб эса, иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади. Бу эса ўз навбатида, соҳада хусусий тиббиёт хизматининг ўрни ортиб, соғлом рақобат муҳити шаклланашида муҳим омил бўлади.

Сўнгги тўрт йилда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам кескин ортиб бормоқда. Хусусан, 2016 йилда Давлат бюджети ҳисобидан 5,4 трлн.сўм маблағ ажратилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 3 баробарга ортиб 16,5 трлн.сўмни ташкил этмоқда. Президентимизнинг мазкур қарори билан 2021 йил 15 июндан бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилиб, қўшимча 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида соҳага тадбиқ этилиши касалликларни жойларда барвақт аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини кенг жорий этишга хизмат қилади.

 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+