Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди

28.06.2021 12:06:42

Сўнгги йилларда мамалакатимизда Янги Ўзбекистонга хос бўлган қурилиш соҳасида ҳам бир қатор замонавий бунёдгорлик ишлари жаддалик билан амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича кенг кўламли ва манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида янгича кўриниш ва мазмун касб этмоқда.

Эътиборли тумони шундаки, йилдан-йилга фуқаролар учун барпо этилаётган уй-жойлар сони ортиб, уларни арзон нархларда сотиб олиш учун аҳолига кўплаб қулайликлар яратиб берилмоқда.

Айниқса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида давлат томонидан қўшимча чоралар белгиланиши туфайли субсидиялар тақдим қилиш ҳамда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш механизмлари такомиллаштириб борилмоқда.

Юртимизда бир қатор давлат дастурлари доирасида бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, замонавий ва сифатли уй-жойларни қуриш, ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш, янги инфратузилмаларни шакллантириш, республикамиз ҳудудлари қиёфасини бутунлай янги бир босқичга кўтаришга қаратилган тадбирлар амалга оширилиб, фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш механизмлари такомиллаштириб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори, орадан бир ой ўтиб, яъни 22 ноябрда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Кўриниб турибдики, эндиликда қишлоқлар ҳам, шаҳарлар ҳам улкан бунёдкорлик ишлари билан қамраб олинди. Ҳамма жойда уйлар қурилиши жадал тус олди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредит механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган аҳоли учун ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 25 мартда “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилинди. Шунга кўра, Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар тўлаш тизими жорий этилди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6186-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6186-сон Фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 3 март ва 28 май кунларии уй-жой қурилиши, ипотека бозорини ривожлантириш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишлари ўтказилди.

Мазкур йиғилишларда ҳам сифатли уй-жойлар қуриш, уй-жойнинг бошланғич бадали учун субсидия тўлаш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатини қисқартириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилган эди.

Хусусан, Юртбошимиз 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

- Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилши ва Президентимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилиши белгиланди.

Янги шаҳар лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилиб, унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда замонавий уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари яратилган ва бу жараён аҳоли учун қулай ва мақбул шартлар асосида узоқ муддатга мўлжалланган ва паст фоизли кредит бериш йўли билан амалга оширилмоқда. Зеро, бугунги кунда аҳолининг кенг қатлами учун замонавий уй-жойга эга бўлиш имконияти ва унинг қонунчилик базаси мавжуд бўлиб, бу ҳолат халқимизнинг турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+