Аҳолини узлуксиз энергия манбалари билан таъминлаш – умуммиллий масала

27.12.2022 06:12:37

Бугун инсоният дунёда юз бераётган янги таҳдидлар даврида яшамоқда. Маълумки, ер шари аҳолиси кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Бундай диспропорция дунё мамлакатларини танг аҳволга солиб қўяётгани бор гап. Аввало, глобал экологик муаммоларнинг кескинлашувини кузатяпмиз. Бунинг баробарида аҳолини энергия билан таъминлаш масаласи кўндаланг бўляпти.

Бугунги кунда энергиядан фойдаланиш ҳажми шунчалик кенгаймоқдаки, унинг келгусида янада кўпайиши биосфера, шу билан биргаликда, келажакда инсониятнинг ривожланиши учун ҳам катта хавф туғдиради. Шу боис, бутун дунёда ўтган асрнинг охирги ўн йилидан бошлаб, энергиянинг қайта тикланадиган экологик тоза манбалари, аввало, қуёш ва шамол манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган «яшил энергетика»га ўтиш минг чандон афзал. Ахир, бугун бутун дунё шу йўлни танлаяпти. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб мазкур ҳаракатга қўшилди. Моҳиятан олиб қараганда, уч йил аввал қабул қилинган «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси» юртимизнинг «яшил тараққиёт» сари юз бурганини англатади.

Қуёшли кунларга бой Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштиришга эътибор кучаймоқда. Муқобил энергия манбалари бу гидроэнергетика, шамол энергияси, қуёш энергияси, геотермал энергия, биомасса ва сув оқими энергиясидан фойдаланиш орқали олинадиган қайта тикланадиган энергиядир. Нефть, табиий газ, кўмир ва уран рудаси каби қазиб олинадиган ёқилғидан фарқли ўлароқ, бу энергия манбалари тугамайди, шунинг учун улар қайта тикланадиган, деб аталади. Биргина 2019 йилнинг ўзида бутун дунё бўйлаб умумий қуввати 200 ГВт бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари (ТEМ) объектлари ўрнатилди.

Ўзбекистон - органик ёқилғиларнинг барча турларини ишлаб чиқариш ҳажмидан уч баробар ошадиган катта миқдордаги қайта тикланадиган энергия салоҳиятига эга мамлакат. Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланадиган технологиялар катта истиқболга эга. Чунки қайта тикланадиган энергиянинг ушбу туридан бутун мамлакат ҳудудида йил давомида фойдаланиш мумкин. Қуёш энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш мамлакатнинг, айниқса, бориш қийин бўлган ва олис қишлоқ туманларида электр ҳамда иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжни бемалол қондириб, катта ҳажмдаги табиий газни экспорт эҳтиёжлари учун йўналтириш имконини бериши мумкин.

Тўғри, қишнинг қировли бугунги кунларида Ўзбекистонда электр таъминоти борасида муайян қийинчиликларга дуч келинмоқда. Бу, айниқса, аҳолининг ярмидан кўпи истиқомат қиладиган қишлоқ жойларида нисбатан сезиларлироқ. Электр станциялар, энергия етказиб берувчи ва тақсимловчи тармоқларни модернизация ҳамда реконструкция қилиш мамлакатда саноатни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш энергия билан ишончли таъминлаб, энергия етказиб беришдаги йўқотишларни анча камайтирган ҳолда, олис аҳоли пунктларини энергия тизимига улаш учун узоқ масофали электр узатиш линияларини барпо этиш заруратидан қутулишга ёрдам беради.

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ушбу долзарб масалага тўхталиб, мавжуд муаммолар, уларни ечиш йўллари ва вазифаларни белгилаб берилди. Очиқ айтиш керак, деди давлатимиз раҳбари, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам айни ҳақиқат. Оқибатда тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳоли сони 13 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробар ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада электр энергиясига талаб камида 35 фоиз ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин.

Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Жумладан, декабрь ойи бошида Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттлик яна 3 та қуёш станциясини қуриш бўйича танлов якунланди.

Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттлик 7 та электр станцияси ишга тушди. Келгуси йилда яна 4,5 минг мегаваттлик 11 та йирик лойиҳа якунига етади. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.

Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилади. Мисол учун, Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун минг мегаваттлик қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади. Республиканинг ҳар бир туман ва шаҳридаги хонадон ва корхоналарда жами 5-10 мегаваттлик қайта тикланувчи энергия лойиҳалар амалга оширилади.

Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун Президентимиз энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Демак, бу масала ҳам депутатлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Биз депутат ва фаоллар, сенаторлар дастурни ишлаб чиқишда ўз таклифларимиз билан фаол иштирок этишимиз керак.

Шубҳасиз, энергетика инсон ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда, қайта тикланадиган муқобил энергия манбалари мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлаш ишига хизмат қилади.

Ташпўлат МАТИБАЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши

раиси ўринбосари,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Миробод тумани Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+