Айбдорлар маълум. Жазо-чи?!

16.08.2021 09:08:46

Тошкент  вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчиларининг озиқ-овқатдан заҳарланганлиги  ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабабчи бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Адолат” СДП Тошкент вилояти ва Оққўрғон туман Кенгаши  фаоллари, депутатлар  иштирокида  ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича, мазкур таълим муаасаси 2019 йилда Инвестиция давлат дастури асосида, лойиха бўйича янгиланган, қуввати 125 ўринга мўлжалланиб қурилган. Ҳозирги кунда  5 та гуруҳ фаолият юритиб, ушбу гуруҳларга жами  136 нафар ўғил-қиз тарбияланади. Жорий йилнинг  12 август кунига боғчага 66 нафар тарбияланувчи келган. Тиббий кўрик натижасида 66 нафар тарбияланувчи болалар ҳамда таълим муассасасининг  20 нафар ходими Covd-19 га текшириш учун анализ олинган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, маълум бўлишича, 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари интенсив даво муолажаларига қарамасдан, 1 нафар тарбияланувчи пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли вафот этган.

Айни вақтда қолган беморлар жонлантириш бўлимида стационар шароитда даволанмоқда.6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчининг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.

Якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида заҳарланишнинг энг хавфли тури бўлмиш ботулизм билан касалланиш мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ҳолат юзасидан бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширув-суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.

Шу ўринда ўринли бир савол туғилади. Бу мудхиш ҳолатни юз беришига сабаб бўлувчи омиллар нима?

Таъминотчиларнинг масъулият билан ишлаши, аввало, боғча раҳбарига боғлиқ. Мудира боғчага келадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамшира билан кўздан кечириб, сифатсизларини қайтариб юбориш ҳуқуқига эга. Чунки болалар энг сифатли маҳсулотларни истеъмол қилиши керак.

Хулоса шуки, МТТ масъул ходимларининг эътиборсизлиги ва назоратнинг йўқлиги эмасми? Овқат тайёрлаш билан боғлиқ ҳолат назорати кимнинг зиммасида? Тарбияланувчиларининг тўлиқ ва хавфсиз овқатлантириш режаси яратилганми? Ушбу режим мунтазам равишда назоратга олинганми? Туман Санитария эпидимология станцияси (СЭС) ходимларининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши эмасми?

“Адолат” СДП Тошкент  вилояти Кенгаши фаоллари ва депутатлари бу масалани ўз назоратида қолдиради.

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши  матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+