Акцияда вилоят бўйича энг кўп киши Қарши шаҳридан қатнашди

06.12.2021 11:12:43

Раҳм-шафқат, хайр-эҳсон, одамийлик, очиқ кўнгиллилик – ўзбек халқининг ўзига хос  фазилатларидир. Халқимизнинг яна бир асосий фазилатларидан–энг оғир ёки қувончли дамларда  ёнма-ён туриши ва ёрдам  қўлини чўзишидир.

3-декабрь куни  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон “ шиори остида уюштирилган беғараз донорлик акциясида қашқадарёликлар ҳам фаол қатнашдилар.

Эрта тонгданоқ вилоят қон қуйиш маркази саховатпеша, мурувватли инсонлар билан гавжум бўлди. Шу куни  80  нафардан зиёд олийҳиммат  юртдошларимиз  ўз ихтиёрлари билан  қон топширдилар.

“Бор меҳримиз сенга, болажон” акциясида  партия вилоят Кенгаши аъзолари ўз ихтиёрлари билан вилоят қон қуйиш марказига ташриф буюриб, ўз қонларини топширдилар. Биз биринчилардан бўлиб, акцияда иштирок этганлар билан мулоқот қилдик.

-Акцияда иштирок этганимдан мамнунман,-дейди партия вилоят Кенгаши ҳузуридаги “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Ҳусниддин Бердимуродов.- Менинг оз бўлсада топширган қоним тўшакка михланиб қолган болажонларга ас қотса ўзимни жуда бахтиёр хисоблардим.

Шу куни акцияда вилоятнинг барча туманларидан партия аъзолари  иштирок этиб, чин кўнгилдан  хаста болаларнинг тезроқ соғайиб кетишлари учун  ўз таналаридаги қонларини ҳадя этдилар. Ушбу акцияда вилоят бўйича энг кўп киши Қарши шаҳридан қатнашди.

Ўзгаларга бундай ғамхўрлик кўрсатиш инсондаги олий фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда В.А. Сухомлинский : “Умрини бошқаларнинг бахти тўғрисида ғамхўрлик қилиш билан ўтказган кишилар энг ажойиб ва айни вақтда энг бахтиёр кишилар ҳисобланади” деб таърифлаган эди.

Ҳа, инсон учун хасталикдан, ёшликдан соғлиқни йўқотишдан ёмони йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз  “Адолат” СДП томонидан уюштирилган бу каби  хайрли ва савоб акцияларда иштирок этайлик.

Зеро, бировларга ғамхўрлик қилган кишига Аллоҳнинг ўзи ҳам ғамхўрлик қилишини асло унутмайлик.

Дарвоқе, ҳамманинг ҳам қўлидан бундай  ҳиммат келавермайди. Соғлиги жойида, бардам тетик, тўрт мучаси соғ, қолаверса, пули, молу дунёси кўплар бу дунёда озми?!

Тиббий ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, беғараз ёрдам бериш ҳамда истиқболимиз эгалари саломатлигини муҳофаза этиш мақсадида уюштирилган донорлик акциясида Қашқадарё вилоят Ички Ишлар бошқармаси, Қашқадарё вилояти буйича Миллий Гвардия,  вилоятдаги  ҳамкор ташкилотлар  ва  партия фаоллари иштирок этди.

                                                                           Хумоюн РЎЗИЕВ,

                                                        “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                                                                                       ижрочи котиби

 

 

                                                                                  

                                                      

                                     

     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+