Амир Темур – адолат тимсоли

15.04.2021 19:04:53

У ҳақдаги бор тасаввур ва маълумотларда буюк давлат арбоби бутун ҳаёти давомида адолат ва ҳақиқат учун курашиб келганлигининг гувоҳи бўламиз. Умри жанг-у жадалларда ўтган бобомизнинг қайга бормай ҳамиша адолат туғини баланд кўтариб, мардонавор қадам ташлагани, ҳақиқат учун курашни ҳаётининг бош шиорига айлантиргани билан яхши танишамиз.

Бундай буюк сиймолар ҳар доим ҳам туғилавермаслиги, уларнинг тақдирий азалида буюклик аломатлари зоҳирлиги аён бўлади, назаримизда. Орадан неча асрлар ўтибдики, ҳамон уни қалбимизда, ёдимизда сақлаймиз. Мана, жорий йил мамлакатимизда Амир Темурнинг 685 йиллигини нишонладик. Албатта, ушбу жараён ҳам бобомизга бўлган юксак ҳурмат-эътиборимизнинг намунасидир.

Ёшлигимда Амир Темур ҳақида жуда кўп қизиқардим. У билан боғлиқ тарихий асарларни ўқишга интилардим. Ёшлик ҳаётидан тортиб то умрининг охирги дақақаларигача битилган кўплаб асарларни ўқиш менга  ўзгача завқ берарди. Жумладан, Евгений Бородикиннинг «Буюк Темур» асарини мактабда ўқиб юрган вақтларимда зўр қизиқиш билан мутолаа қилганман. Бу асарда унинг бутун ҳаёти ёрқин бўёқларда гавдаланган эди. Амир Темур ким бўлгани ҳақида атрофдаги инсонларда турлича қараш мавжуд бўлган замонлар ҳам бўлган, албатта. Мустақиллик даврига келиб унинг шахси ҳақидаги тарихий ҳақиқат тикланди. Амир Темур босқинчи эмас, балки, адолат йўлбошчиси, халқларнинг ҳақиқий хомийси, мазлумларнинг чинакам маънодаги ҳимоячиси эканлиги, буюк давлат асосчиси сифатида кўз ўнгимизда қайтадан намоён бўлди ва шундай шакл-шамойил билан ёш авлод қалбига чуқур сингимоқда.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+