Андижонлик ёшлар ишончни оқламоқда

25.05.2022 11:05:06

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юрт тинчлиги ва осойишталиги, ватан тараққиёти, янги Ўзбекистонни дунё майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу йўлда ислоҳотларнинг давомчилари бўлган ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг истак ва қобилятларини  рўёбга чиқариш олдимиздаги бош вазифалардан бири.

 “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик!” умумий шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда юқоридагилар ўз ифодасини топди. Унда партия Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Марказий кенгашнинг масъул ходимлари, ҳудудий партия кенгашларининг етакчилари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар” иштирок этди.

Партия вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов тадбир қатнашчиларига ўз табригини йўллади.  Таъкидланганидек, тинчлик — бебаҳо неъмат. Бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, низо ва қон тўкилишлар ҳар биримиздан доимо огоҳ бўлиб яшашни, осойишта ҳаётимиз учун дахлдорлик ҳиссини оширишни талаб этмоқда. Тинчликнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ёшларга бу неъматнинг беқиёс аҳамиятини чуқур тушунтиришга партиямиз томонидан  алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида тинчликни қадрлаш, билимли, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш зарурлигини таъкидламоқда. Шундан келиб чиқиб бу борада ташаббусни қўлга олиш, жамоатчилик орасида тарғибот ишларини янада кучайтириш зарур.

Қувонарлиси, андижонлик “Ёш адолатчилар” бу йўлда муҳтарам Президентимизнинг ишончини тўла оқламоқда. Уларни турли соҳаларда эришаётган ютуқлари, мустақил Ўзбекистонимизнинг байроғини халқаро майдонларда баланд кўтараётгани бунинг тасдиғидир. Айни вақтда “Ёшлар қаноти” аъзолари орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари  Меҳриноз Комилова, Дурдонабегим Зайнобиддинова, “Мард ўғлон” кўкрак нишони соҳиблари Исломбек Бектошев,  Ойбек  Умаров, яна бир қатор олим ва олима, тадбиркор, ихтирочи, спортчи ёшларимиз шулар жумласидандир. Улар партия шарафини ҳимоя қилиш баробарида юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Юқоридагилар “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ўз ижросини топаётганини кўрсатади. Бунга жавобан “Ёш адолатчилар”нинг фаоллиги ошиб бормоқда.

Дурдонабегим Зайнобиддинова, “Ёш адолатчи”, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

-Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари энг бахтли инсонлардир. Давлатимиз раҳбари бошчилигида бизга бўлган эътибор ва ғамхўрликларнинг чеки йўқ. Фақат бундан ўринли фойдаланиш лозим. Бу йил Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирландим. Албатта бу рағбат мени юрт равнақи йўлида янада фаол бўлишга чақирди.

Тадбир доирасида ташкил этилган викторина ва саҳна кўринишлари  иштирокчиларнинг билимларини ўзида ифодалади. Сиёсий майдонга қадам босаётган эртамиз эгалари давлатимизнинг бугунги сиёсати ва амалдаги қонунчилигимизни чуқур ўрганиб бораётгани қувонарли.

Даврада тинчлигимизни, фаровонликни, мустақил Ўзбекистонни ва бахтли ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Рақсга тушаётган йигит-қизларнинг кўзларида қувонч, эртанги кунга бўлган ишончни кўриш мумкин. Улар чин маънода бахти кулган ёшлар. 

 

Акбаржон НАЗАРОВ,

“Адолат” СДП Андижон вилоят

 кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+