Аниқ мақсадлар сари

07.01.2022 20:01:31

Мамлакатимиз, қолаверса, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ҳаётида ёрқин из қолдирган 2021 йил тарих бўлиб қолди. У пандемия шароитида кечган бўлсада, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда эришилган натижалар чакки бўлмади. Энг муҳими, халқ турмуш фаровонлиги ўсди, шаҳар ва қишлоқларимиз янада ободлашди. Аммо ҳаёт бир зум ҳам тўхтамайди, ҳаммамиз навбатдаги, янги, янада юксак марраларни эгаллаш учун ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада кўзланаётган мақсадлар қанчалик аниқ бўлса, шунча яхши.

Яқинда эълон қилинган «Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини ўқир эканман, хаёлимдан беихтиёр ана шу фикрлар ўтди. Мазкур ҳужжат билан биргаликда ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» ҳам ўзининг аниқ-равшан йўналишларга эгалиги туфайли киши эътиборини тортади. Куни кеча биз вилоят партия Кенгашида ўтказилган тадбирда фаолларимиз иштирокида шу мавзуда суҳбатлашдик. Мен ҳам ўз фикрларимни баён этдим.

Биринчи навбатда фармон лойиҳасида муҳим аҳамиятга эга кўплаб тадбирларни амалга ошириш мўлжалланаётганлиги эътирофга лойиқ, деб ҳисоблайман. Улар орасида аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашга йўналтирилганлари ҳам талай. Масалан, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн баробардан ўн икки баробаригача ошириш кўзда тутилган. Бу, жуда яхши албатта. Лекин шу ўринда бошқа бир мулоҳаза мавжуд. Яъни аввал нафақага чиққанларга бу жараённи татбиқ этишни ўйлаб кўриш лозим.

Ёки нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш масаласи ҳам катта ижтимоий аҳамиятга эга. Аммо шундай тоифадагилар орасида вақтинча ишламаётганлар ёки боқувчисини йўқотганлар бор. Уларга мазкур имтиёз қандай жорий этилади? Бу масалага аниқлик киритиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Қисқаси, партиядошларимиз шунга ўхшаган яна бир қатор таклиф ва мулоҳазаларни айтдилар. Биз уларнинг барчасини умумлаштириб, тегишли манзилга жўнатамиз. Шунинг учун шаҳар ва туманлардаги сафдошларимиздан, фаоллар, БПТ раислари ва депутатлардан ҳам масалага муносабат билдиришни сўрадик.

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+