Ақлли тиббиёт билан тараққиёт сари

24.03.2021 13:03:07

Ўзбекистон “Адолат” СДП Термиз шаҳар Аёллар қаноти Кенгаши томонидан Термиз шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.       

Мазкур давра суҳбатида партиянинг Термиз шаҳар Кенгаши фаоллари, халқ депуталари Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари,  шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника ходимлари, оилавий шифохоналар шифокорлари иштирок этишди.

Давра суҳбатида сўзга олганлар ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли” технологиялар барча соҳаларда кенг татбиқ этилаётганини айтди. Бу борада 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурида мамлакатимиз тиббиёт соҳасида “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш ва татбиқ этиш белгиланганлиги хусусида тушунтириб ўтишди.

Малика Аманова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

- Айтиш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида келгуси фаолиятимиз учун ечимини кутаётган зарур вазифалар сифатида тиббиёт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Тиббиёт соҳасига “Ақлли тиббиёт”ни жорий этиш, шифохоналарга бюджетдан маблағ ажратилишини даволанган беморлар сони асосида амалга ошириш, маблағларни касалликлар профилактикасига кўп­роқ йўналтириш, таълим муассасаларида тиббий хизматни йўлга қўйиш (болалар стоматологик, ясситовонлик хасталиклари) каби ташаббусларини кўтариб чиқмоқда. “Ақлли тиббиёт” тизими шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради. Бемор танасига ўрнатилган махсус мосламалар орқали шифокор қаерда бўлишидан қатъий назар, бемор саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўлишини таъминлайди. сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳимдир.

Иштирокчилар томонидан  халқимизнинг турмуш фаровонлиги, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича олдимизда турган вазифалар талайгина эканлиги таъкидланиб, шу каби ҳамкорликдаги тадбирлар кўпроқ ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди. Бу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, ечимини кутаётган масалаларни нафақат тиббиёт соҳаси ходимлари, балки кенг  жамоатчилик вакиллари, депутатлар, шунингдек, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сўзга чиққанлар фуқароларимиздан ҳали тождор вирус хавфи чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Аёллар қаноти Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+