Аёл- ҳаёт гултожи

13.05.2024 11:05:52

Аёл –борлиқ кўзгуси. Миллатнинг дунёқарашини шакллантиришда, маънавиятини юксалтиришда аёлнинг ўрни беқиёс. Шу туфайли ҳам давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, ҳокимият ҳамда бошқарув соҳаларида салоҳиятини тўла намоён этиши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор бериляпти. Айниқса, оилаларда хотин-қизларни ҳақ-ҳуқуқлари топталишига йўл қўймаслик учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бугун "Адолат" СДП Яккабоғ туман Кенгаши томонидан Қўшчинор МФЙ да "Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик" мавзусида ташкил этилган тадбирда ҳам асосан аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга, сиёсий билимларини шакллантиришга эътибор қаратилди.

 - Айни пайтда барча давлат идораларида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолият олиб бормоқда,-деди ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева.-

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуслари билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиши учун олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида вилоятимизда 2023 йилда эҳтиёжманд оилалардаги 4 минг нафардан зиёд қиз олий таълим муассасаларига имтиёзли 4 фоизли квота асосида ҳамда йиллик иш стажига эга бўлган 1 минг 510 нафар хотин-қиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга кириши учун тавсияномалар берилди. Вилоятимизда ҳозиргача "Аёллар дафтари"га киритилган 87 минг нафардан зиёд хотин-қизларга ижтимоий жиҳатдан кўмаклашилди. Партиянинг "Бир адолатчи юз аёлга ҳимоячи" лойиҳаси доирасида 288 нафар ишсиз хотин-қизлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди.

Тадбирда "Аёллар қаноти" фаоллари Дилбар Мусаева, Манзура Раҳимова, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Жаҳонгир Кенжаевлар ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан аёллар учун кенг имкониятлар яратилаётган бўлишига қарамай, хотин-қизларни ўқиши ва ишлашини истамайдиган эркаклар ҳам ҳамон борлиги эътироф этилди. Энг аянчли ҳолат сифатида, хотин-қизлар турли зўравонликларга учраётганликлари кечириб бўлмас ҳолат эканлиги қайд этиб ўтилди.

Мамлакатимизда "Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ва "Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинганлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда ҳуқуқий асос мавжудлигига қарамай, шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб қизлар, аёллар ҳамон гендер билан боғлиқ камситишларга дуч келаётгани қайд этилди.

Тадбир савол жавоблар асосида ташкил этилгани боис самарали бўлди.

 

Муқаддам Очилова,
"Адолат" СДП
Қашқадарё вилоят 
Кенгаши
"Аёллар қаноти" фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+