Аёл номига муносиб бўлайлик!

07.09.2021 18:09:51

“Эри Россиядалигидан фойдаланиб қолган хотин фохишалик билан шуғулланиб турган вақтида тезкор гуруҳ томонидан қўлга тушди” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа албатта ҳар биримизга  жуда ёмон таъсир этди.

Фоҳишаликдек ёмон, жирканч ишку содир бўлган,  аммо блогер Ж.Султоновга нима бўлди? Наҳотки,  итервью олиш мақсадида ялонғоч  аёл кишининг устига кириб боришга журъат топган бўлса, уларнинг бу харакатлари   фоҳишаларнинг жирканч амалларидан  нима фарқи қолди?

Ижтимоий тамоқларда ёритилган бу жирканч ҳолат, бу ҳолатни содир қилганданда кўпроқ  обуначиларга ёмон таъсир қилди. Лавҳага кўзим тушган заҳоти, шуни тасвирга олишмаса яхши бўларди деган фикр тезкор ҳаёлимдан ўтди. Яна қонунчилигимизга, менталитетимизга ҳам тўғри келмаслигини Жавоҳир Султонов  билмаганга ўхшайди. Бундай масалаларда журналист, блогерлар босиқлик билан, етти ўлчаб бир кесиб иш тутсалар яхши бўлар эди.

Қуйидаги мулоҳазам билан  азиз аёлларимизга юзланмоқчиман.

Истиқлол бахш этган имкониятлар туфайли ўзбек аёлининг қадр-қиммати юксалганини, оналик мартабаси ошганини, ўзининг ва фарзандларининг манфаатлари ва саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини миннатдорлик, мамнуният билан эътироф этишимиз жоиз.

Не бахтки, истиқлолнинг ушбу буюк неъматидан баҳраманд бўлиш сизу бизга насиб этди. Бу саодатнинг нашидасини сурмоқ пешонамизга битилганига шукрона қилайлик.

Бугун сиёсат майдонида хотин-қизларнинг нуфузи, ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатимиз Конс­титуцияси ва бошқа қонунларимизда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги белгилаб қўйилгани, хотин-қизларнинг қонун ижодкорлигидаги иштироки дунё­даги бош­­қа мамлакатлар парламентларидан фарқли равишда 40 фоиз квота билан мустаҳкамлангани биз – аёллар учун очилган катта йўл, кенг имконият ҳисоб­ланади.

Бугун муҳтарама опа-сингилларимизни, мунис ва меҳ­рибон онахонларимизни янада қизғин фаолиятга чорлаймиз. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш, халқнинг дарду ташвишига малҳам бўладиган ҳеч бўлмаса битта яхшилик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Афсуски, бугун кундалик ҳаётимизда аёллар иштироки билан боғлиқ нохуш ҳолатлар энг хуштаъм таом еётганда садафдек гуручнинг ичида бирдан тишга тегиб таъбингизни хира, дилингизни ғаш қилувчи тошга ўхшайди. Оллоҳ фаришта монанд қилиб яратган аёл жиноятчи бўлса, бутун Шарқ дунёси миллатнинг онаси, Ватаннинг бошланиши деб ардоқлаган аёлнинг ўзи одам наслининг давомчиси бўлсаю, қўлида заҳри қотил ушлаб, қайси бир онанинг зурриётини гиёҳвандлик балосига бошласа, поклик, гўзаллик ва садоқат маликаси бўлмиш Аёл ўз хонадонида Оллоҳ куфр қилган ахлоқсизлик ва зинога йўл очиб, шунинг орқасидан рўзғор теб­ратса ёхуд исломий ақидаларда номаҳрамга бармоғини ушлатишни ҳам орият билган момоларнинг бугунги авлоди арзимаган пулни деб, гулдан тоза вужудини буюмдек сотса, энг оғриқлиси, қай бир маълун аёлни, кимнингдир умид юлдузини сотишгача бориб етган бўлса, бу оғриқлар сизу бизнинг юрагимизда акс садо бермаса, тилимиздан “Эй, аёл, тўхта!” деган ҳайқириқ отилиб чиқмаса, биз қанчалик фаолу қанчалик фидойи бўлдик?! Шунинг учун ҳам бугун бонг уриб, баъзи ғафлат босган мудроқ қалбларни, моғор босган юрак­ларни, атрофни тиниқ кўра олмаётган кўзларни бедорликка чорлашни лозим топдик.

Келинг, азизлар! Бугун турли ҳукму хулосалар билан уларга қандай яшашни ўргатмайлик, улар билан бирга яшашни ўрганайлик. Хиёнат, бадномлик, нафсу ҳаво ва чорасизлик қопқонидан маърифат ва зиё нури билан қутулишга биргаликда ҳаракат қилайлик. Лоқайд, бепарволикни юрагимиздан қувиб солайлик!

Аёлни ўзига, ўзлигига қайтариш учун ҳар қачонгидан кўпроқ ҳаракат қилиш пайти етиб келганини, аввало, ўзимиз англайлик, анг­ламаганларга англатайлик!

Аёл шаъни – аёлнинг аёллиги учун курашда бирлашайлик!

Азизлар! Ўзликка қайтишнинг яна бир номи маънавият. Миллий қадриятлар, урф-одатлар маънавиятнинг дуру гавҳарларидир. Бугун унга зид бўлган баъзи ҳолат ва кўринишларга қарши муросасизлик муҳитини яратишда фаол ва ташаббускор бўлайлик!

Замира АБДУЛЛАЕВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+