Аёл пассив кузатувчига айланмасин

30.07.2022 09:07:24

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида инсон шаъни, қадри қиммати тобора юксалмоқда. Инсон қадри, шаъни, ва манфаатини мустаҳкамлаш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса жамиятимизда аёллар ўрнининг беқиёс эканлигига ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қатор қонун ва қарорлар орқали ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бугунги кунда хотин – қизларнинг ўқиши, билимли бўлиши, илмини ривожлантириши учун кенг имкониятлар эшиги очиқ.

Энг аввало давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Иложи борича, аёлларимизнинг дардини, ташвишларини севинч ёшига, ғалаба ёшига, муваффақият ёшига, натижа ёшига айлантиришга ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз деб ота-боболаримиз бежиз айтишмаган», деган даъватларидан ўзлари учун тоғдек ишонч, суянч олган хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очиш мақсадида магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун, ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилгани сўзимизнинг исботи бўла олади.

Албатта илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларга барча шарт шароитлар яратилиб берилмоғи лозим.

Бу борада Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг «Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилига таянган ҳолда куни кеча бўлиб ўтган олима аёллар билан учрашув партиянинг хотин-қизлар борасида сайловолди дастурида белгилаган вазифалари ижросини таъминлашда яна бир қадам бўлди. Бу борада конференцияда Ўзбекистон Республикаси оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Ўзбекистон хотин-қизлар «Олима аёллар» уюшмаси, илмий журналлар таҳририяти вакилларининг иштирок этиши эса тадбир салоҳиятини оширди.

Албатта, биз адолатчилар жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз. Зеро, бугун ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши лозим.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилояти Кенгаши ҳам ушбу тадбир давомида партиянинг «Аёллар қаноти» вакиллари, партиянинг фаол хотин-қизлари, Олий таълим муассасаларининг профессор ўқитувчилари билан бу борада фикр - мулоҳазалар алмашиб Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда аёлларнинг фаоллигини янада ошириш, жамиятимиздаги олима аёллар сафини кенгайтириш, конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг иштирокини таъминлаш борасида ҳамкорликдаги ишларни режалаштириб олдик.

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+