Аёлга қўл кўтаришга ҳеч ким ҳақли эмас

08.05.2021 10:05:29

Жорий йил 1 май куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи аёлга эркак киши томонидан жисмоний куч ишлатгани акс этган видеолавҳа тарқалиб ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак «уйни бўшат», деб аёлни тепкилагани, кескин қўл кўтаргани ва тепиб урганлиги тасвирланган. Шунингдек, видеода эркак кишининг болаларни ҳам урганда, уларнинг бақирган овозларини эшитиш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ мазкур воқеа бўйича муносабат билдирди.

Видеотасвирда эркак аёлни ва унинг болаларини ураётганлигини кўриб, жуда кескин нафрати келади кишининг. Эркакка нисбатан аёлни уришда ўзини тўла ҳуқуққа эга кимсадек тутаётганлигидан ажабланасиз. Зўрaвонлик қилиш ёки аёлга зўрлик ишлатиш ўзбек ёки ислом анъаналарига хос эмас. Бу бировни яхши ўзбек ёки яхши инсон қиладиган нарса эмас. Аксинча, зўравон бўлиш бу ўз устида ишлаш имконига эга бўлмаган руҳий жиҳатдан заиф одамнинг даражасини кўрсатади. Ҳақиқатан аёл зоти уни қанчалик эркаклар билан тенглаштиришга урунмайлик, ўзининг нозик табиати, жисмоний кўмакка муҳтожлиги ва энг муҳими аёл-оналиги билан ажралиб тураверади. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда аёлларни жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишни тақиқланишига алоҳида урғу берилган. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, уй можароси каби ҳолатларга аниқ ва одил қарорни суд ҳал қилишини, мазкур масалани суд ҳукмига қўйиб бериш онгли инсониятнинг барига аён ҳақиқат-ку!? Аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча жамиятларда кескин қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади. Уларга нисбатан ҳеч қандай куч, зўравонлик, уриш, калтаклашни оқлаб бўлмайди. 

Мазкур ҳолат юзасидан партия Денов туман “Аёллар қаноти” Кенгаши вакиллари ва депутатлари унинг яшаш жойига бориб мазкур ҳолатни ўрганишди. Аниқланишича, видеодаги аёл тумандаги «И.Тўраев» СИУ, Буюк ипак йўли маҳалласида яшовчи Қ.С. бўлиб, эҳтиёжманд оила сифатида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турганлиги маълум бўлди.

Ўрганишларга кўра, 1 май куни фуқаро Қ.С.нинг яшаш хонадонига унинг қайноғаси   Гулмурод Хандалов Қ.С.ни ва унинг болаларини ҳақорат қилиб урганлиги аниқланди. Жабрланувчининг айтишича, уй Г.Хандаловнинг тасарруфида эканлиги, бу биринчиси эмаслиги, Г.Хандалов уни  икки йилдан бери муттасил калтаклаб келаётганлигини таъкидлади. У бу ҳақда участка инспектори ва туман ИИБга кўп маротаба ариза билан мурожаат қилганига қарамасдан, улар «далилинг йўқ», деб аёлнинг аризасини қабул қилишмаганлигини,  шундан сўнг, жабрланувчининг онаси жорий йил 21 март куни ҳожатхонага яширинган ҳолда, Гулмурод Хандаловнинг қизини ва унинг болаларини тепиб калтаклаганини ўз кўзи билан кўриб, видеотасвирга олишга муваффақ бўлганлиги маълум бўлди. Ўрганиш жараёнларида  ҳақиқатдан, қайноға томонидан мол-мулк талашуви натижасида келинга нисбатан жисмоний куч ишлатилганлиги аниқланди.

Партия Денов туман Аёллар қаноти Кенгаши вакиллари ҳамда депутатлар аёл билан суҳбатлашиб, унга ҳуқуқий маслаҳатлар беришди. Шунингдек, оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга нисбатан ҳудудларда реаблитация марказлари ишлаб турганлиги, бемалол мурожаат қилиши мумкинлиги хусусида айтиб ўтишди.

Айни пайтда, ушбу воқеа юзасидан Денов туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ҳам ўрганишлар олиб борилиб,  оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрган келин ва фарзандларига амалий кўмак бериш бўйича Денов тумани ҳокимлиги ўз ҳомийлигига олишини билдиришди.

Аёл — жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси. У гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. Жонидан жон бериб фарзандни дунёга келтирган, унинг бир табассуми учун ҳаловатидан кечадиган меҳрибон ва мушфиқ она у. Меҳр-оқибатлилик, фидойилик, ҳалоллик каби фазилатларни сингдиради у бизнинг шууримизга. Шундай экан, онамиз, опа-синглимиз, қизимиз қаторида турувчи мунисага қўл кўтаришга ҳеч ким ҳеч қачон ҳақли эмас.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+