Аёллар фаоллиги жамият ривожининг муҳим омили

03.03.2022 10:03:42

Жорий йилнинг 1-март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мазкур видеоселектор йиғилиши Президентимиз томонидан Ўзбекистонда  хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлашга бағишланди. Йиғилишда яна бир марта хотин-қизларга эътиборни янги бир босқичга олиб чиқиш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди. Қуйи тизимда, маҳаллада масъул вазифада ишлаётган шахсларни ҳамкорлигини, самарали ишини ташкил этиш бўйича жуда катта залворли вазифалар белгиланди. Йиғилишда бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳар бир масалаларни ечимини топиш,  жамиятимиздаги муаммоларни бартараф этиш Янги Ўзбекистон учун энг мустаҳкам пойдевор бўлиши белгилаб берилди.            

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб- қувватлашга оид давлат сиёсати белгилаб берилди. Бу сиёсатда биринчи ўринда хотин-қизларни таълим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва энг асосийси муносиб иш топишларига кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва илмга жалб этиш масалалари ва уларни механизмлари, унга сарфланадиган маблағлар ва замонавий касблар бўйича янги олийгоҳларда ўқитиш, мунтазам алоқадорликда ишлаш тизими яратиб берилди. Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли лавозимига бугун очиқ танлов асосида хотин-қизлар ишга қабул қилиниб, маҳаллаларда кам таъминланган, эҳтиёжманд аёлларга ёрдам бериш, манзилли ёрдам бериш механизмлари ва бугунги кунда тадбиркор, олима, ишбилармон аёлларни ҳам қўллаб-қувватлаш орқали жамиятимизда соғлом, маънавий муҳитни янада кучайтириш соҳасидаги ишлар белгиланди. Албатта, бу борада янги тузилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси белгиланган ҳар бир вазифани бажарилишининг изчиллигини таъминлайди ва энг асосий пировард натижа меҳнат қилиб, натижага эришиб халқимизни рози қилишгача бўлган жараёнда муносиб ўринларга эга бўлади. Йиғилишда бу борадаги навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Президентимиз мазкур селектор йиғилишида ҳар бир маҳаллада хотин-қизларни фаоли, етакчи аёли лавозимининг жорий этилиши ва бу аёлларни ҳар бир хонадонга кириб ҳар бир оиладаги муаммоларни ҳал қилиш даражасига етказиш учун уни ўқитиш масаласини қўйди. Ҳар бир масъул ташкилотлар билан аёлларни жойларда ўқитиб, ушбу муаммоларни жойида ҳал этадиган даражада шакллантириб, ишни давом эттириш учун алоҳида вазифалар белгиланди. Шунингдек, тадбиркорлик йўналишида аёлларни ўқитиш ва касбга йўналтириш, бу кредит масаласи ёки касаначилик масаласи бўладими, қайси соҳадан бўлишидан қатъий назар лидер аёлларимизни аниқлаб, ушбу лидер аёллармиз орқали ҳар бир аёлга молиявий билимларни, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш борасида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар мутасаддиларига аниқ топшириқлар ва вазифалар белгиланди. Мазкур тизимни маҳаллабай  тизим сифатида амалга ошириш вазифаси юклатилди.    

Бундан ташқари Президентимиз онахонларга, маҳалла раисларига алоҳида мурожаат қилиб, ҳозирги кунда маҳалла раисининг обрўсини кўтариш ва ҳамкорликда иш олиб бориш лозимлиги, маҳалла раисини янги лавозимдаги масъуллар билан биргаликда ҳар бир хонадонга кириб ўрганиши ва хонадонлардаги муаммоларни биргаликда ҳал этишда ҳар бир корхона ва ташкилот раҳбарларига масъулиятли вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан таълим соҳасида ҳам қизларимизга етти йилга фоизсиз кредитлар берилиши, жамоат ташкилотларига грант миқдорларини 200 миллионгача етказилишининг белгиланиши ҳам жуда катта имтиёз ҳисобланади. Яна шунингдек, йиғилишда тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатаётган аёлларимизга ҳам имтиёзлар берилиб, хотин-қизларга 35 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши белгиланди. Ўз томорқасида гул, лимончилик, мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш ҳамда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, томорқасида тадбиркорлик қилаётган аёллар ўзини ўзи банд қилувчилар тоифасига киритилади ҳамда улар солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланадилар.

Жумладан, олти ойгача фаолият кўрсатган аёлларга 300 миллионгача, икки йил фаолият кўрсатган аёлларимизга 1 миллиардгача ва уч йил мобайнида тадбиркорлик фаолияти билан банд бўлган аёлларимизга эса 2 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилиши таклиф этилди. Бу аёлларимиз учун жуда катта имконият ҳисобланади. Бу каби имтиёзлар тадбиркор аёлларимизни жуда ҳам руҳлантирди, эртанги кунга иштиёқ билан ишлашида шижоат беради, десам янглишмайман.

Мазкур белгиланган чора-тадбирларни жойида қўллаб, улардан амалиётда фойдаланиб эртага натижани кўрсатиш албатта ҳар биримизга боғлиқдир.

 Албатта, аёлларимизнинг оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини сақлашдаги, фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси беқиёс. Бу эса юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла муҳофаза этилаётганининг самарасидир.

 

Назокат Хидирова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+