Аёллар қаноти раиси “Фаол тадбиркор”  кўкрак нишони билан тақдирланди

22.08.2022 11:08:42

“Farg’ona ibratli begim” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши қошидаги аёллар қаноти раиси Шаҳноза Ғаниева президентимиз фармойиши билан яна бир юксак мукофотга муносиб топилди.

Тадбиркор  соҳада юксак тажрибага эга. Ижтимоий фаоллиги ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, бандлигини таъминлашга  қаратилган ташаббуслари билан халқ хурматини қозониб келган. “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони эса  мазкур меҳнатларнинг маҳсули десак янглиш бўлмайди.

 Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Шаҳноза Ғаниевага “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини топширар экан, вилоятда тутган ўрни ва нуфузи, хотин-қизларни оилага тайёрлаш ва уларнинг  жамиятда ўз ўрнини топишга қўшган ҳиссасини эътироф этди.

Мазкур нодавлат ўқув марказида 18 нафардан ортиқ тажрибали мутахассислар томонидан йил давомида 1000 дан зиёд хотин-қизларга касб-ҳунар сирлари ўргатилиб, уларни иш билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатилади. Эндиликда йигитлар ҳам марказда  турли йўналишларда сабоқ олишмоқда.

Қаҳрамонимиз эса уларга замонавий билимларни ўргатиш, мазкур  ўқув марказини тамомлаган ёшларга ишончли иш ўринларини таклиф қилиш учун турли мутасадди ташкилотлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган.

- Партиянинг Аёллар қаноти раиси  сифатида кўплаб хонадонларда ўрганишлар олиб борганимда  ишсиз,  қўлида ҳунари бўлмаган  қизларимиз, аёлларимиз билан суҳбатлашаман. Уларнинг аксарияти ишни нимадан бошлашни билмайдилар ёки етарли моддий  шароитга эга бўлмайди. Шундай пайтларда тажрибамдан келиб чиқиб, тавсиялар бераман, қобилияти ва қизиқишларига қараб, ўқув марказида бепул ўқишни таклиф қиламан. Улар жуда қувонишади, ҳаракат қилишади. Энг муҳими берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз ҳаётини изга солишга тиришадилар, – дейди  қаҳрамонимиз.

Партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши қошидаги аёллар қаноти раиси Шаҳноза Ғаниевани юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгуси ишларига омад ва зафарлар ёр бўлишини  тилаймиз!

 

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+