Аёллар саломатлиги муҳофазаси-устувор мақсад

18.05.2022 14:05:57

 Ўзбекистон "Адолат" СДП Сурхондарё вилоят "Аёллар қаноти" Кенгаши томонидан Термиз Давлат Университети Спорт фаолияти ва бошкаруви факультети қизлари иштирокида “Хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари” ва "Қариндошлар ўртасида никоҳнинг салбий оқибатлари" мавзуларида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида партия "Аёллар қаноти" вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлар, шаҳар Кўп тармоқли марказий поликлиникаси гинеколог шифокорлари,Университетнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ходимлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба қизлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг саломатликларини муҳофазалаш, жойларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилиш, эҳтиёжманд аёлларимизни саломатликларини тиклаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтилди. Маърузачилар талаба-қизларга келажак ҳаётда керак бўладиган барча маслаҳатлар, тушунтириш ишлари, эрта турмуш қизлар соғлиги учун жуда хавфли эканлиги, қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳ ёмон оқибатларга жумладан носоғлом, ногирон болалар туғилишига олиб келиши ҳақида тўлиқ маълумотлар беришди.

Суҳбат жараёнида ҳозирги кунда баъзиларни яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга интилиши кузатилаётганлиги, бунинг сабаби  қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилаётганлиги айтиб ўтилди. Лекин, тиббиёт олами олимлари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашаётганлиги, унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишида эканлиги ва унинг олдини олиш катта аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилди.

сур2

Лола Ҳаитова, Термиз шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси гинеколог шифокори, тадбир иштирокчиси:

-          Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида ва тиббий маслаҳатхоналарда, маҳаллаларда бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари яхши йўлга қўйилганлигига қарамай, салбий ҳолатлар ҳамон тез-тез учраб турибди. Маълумотларига кўра, ҳозирги кунда шаҳарларда қариндошлар ўртасида оила қуриш ҳоллари 10 фоизга, қишлоқ жойларида 20-25 беш фоизга етаётган экан.  Мутахассисларнинг Айтишича, яқин қариндошларнинг никоҳи етти авлоддан кейин ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин экан. Шунинг учун айрим мамлакатларда яқин қариндошлар ўртасдаги никоҳ қонунан таъқиқланган. Оила қуриш ўта нозиклик билан пухта ўйлаб бажариладиган вазифа! Зеро, Амир Темур бобомиз келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйганлигини таъкидлаб ўтганлар. Келажакда бахтни қўлдан бой бермаслик, атрофдагиларга ва ўзига заҳмат етказмаслик учун оилани тўғри ўзанга қўйиш муҳимдир. Зеро, оила мустаҳкам бўлар экан жамият мустаҳкам, оила тинч экан жамият тинч бўлади.

Бундан ташқари тадбирда маърузачилар томонидан тозалик ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш хусусида маслаҳатлар ва тавсиялар бериб ўтилди.

Давра суҳбатида мутахассислар талабалар томонидан берилган барча саволларга аниқ ва равон жавоб бердилар.

Назокат Хидирова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+