Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга самарали ёндашув

26.03.2024 14:03:56

Халқимиз турмуш даражасини юксалтириш, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бу борада қатъий чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одамларнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир.
Шу нуқтаи назардан айтганда, бугунги кунда юртимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масаласи бўйича жадал саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилмоқда.
Эсласак, авваллари, аниқроқ айтадиган бўлсак, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида бу турдаги бизнес ривожланиши орқали мамлакатда тараққиёт бўлишини тасаввур ҳам қилолмас эдик. Сўнгги йилларда эса кичик ва ўрта бизнесини бошлаётган юртдошларимизнинг сафи кун сайин сезиларли даражада кенгайиб бормоқда-ки, буни, шубҳасиз, тизимли ислоҳотлар натижаси, дейиш мумкин.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирги вақтда мамлакатимизда фаолият юритаётган 485 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларидан кичик бизнес субъектлари 2024 йил январь ҳолатига кўра 417 минг 80 тани ташкил этмоқда. Барча соҳаларда тадбиркорлар сони ва фаолият доираси кенгайиб, уларнинг мамлакат иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссаси тобора ортиб бораётгани аҳамиятлидир. Энг асосийси, кўплаб юртдошларимизнинг бандлиги таъминланиб, оилаларининг иқтисодий муҳити яхшиланмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркорлик соҳасида опа-сингилларимизнинг сафи кун сайин кенгайиб бораётгани диққатга сазовор.
Биламизки, бугун аёл нафақат меҳрибон она, балки жамиятнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускори сифатида ҳам ўзини яққол намоён қилмоқда. Шу жиҳатдан айтганда, юртимизнинг энг чекка тумани, энг чекка маҳалласида ҳам ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизларимизнинг борлиги қувонарли, албатта. Муҳими, уларнинг касб-ҳунарли, тадбиркор бўлишига кўмаклашиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборидадир.
Шу боис, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Очиғини айтиш керак, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган жуда кўплаб оғир вазиятга тушиб қолган опа-сингилларимиз, имконияти чекланган аёл-қизларимиз нафақат ўз ҳаётини ижобий томонга ўзгартирдилар, балки турмуш синовлари қуршовида қолган бир қанча аёлларни ҳам иш билан таъминлашга эришдилар. Бу борада Президентимизнинг Фармон ва қарорлари асосида ажратилган имтиёзли кредитлар, албатта, ўз натижаларини берди, десак асло янглишмаймиз.
2024 йил мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши ҳам жамиятимизда тадбиркорликка бўлган интилишлар учун кенг имкониятларга йўл очди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори опа-сингилларимиз учун ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришларини кафолатлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Бинобарин, ушбу қарорда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан икки йиллик имтиёзли давр билан беш йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада жами 100 миллион АҚШ доллар эквиваленти миқдорида кредит ресурслари ажратилиши белгиланди. Бу шундан далолат берадики, эндиликда опа-сингилларимиз бирон бир касб-ҳунар эгаси бўлиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари мумкин. Демак, уларнинг ҳам оилада, ҳам жамиятда фаоллиги янада ошади.
Савдо-саноат палатаси, АТ “Халқ банки”, “Бизнесни ривожлантириш банки” ва “Микрокредитбанк”АТБда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш тизими яратилиши кўзда тутилгани аҳамиятли жиҳатлардан биридир. Бинобарин, ушбу тизим орқали хотин-қизларга бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, маҳаллаларда уларни тадбиркорликка ўқитиш ҳамда тадбиркорлигини бошлаган опа-сингилларимизнинг маҳсулотларини сотишга амалий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнлари кузатиб борилади ва улар билан доимий мулоқотда бўлиши таъминланади. Эътиборли томони, эндиликда юқоридаги банклар аввалгидек, фақат имтиёзли кредитни бериш ва унинг банкка қайтиши билан чекланмасдан, балки ажратилган сармоянинг натижадор бўлиши учун барча жараёнларда масъул ҳисобланади.
Қарорда, биринчи навбатда, “Аёллар дафтари”, ”Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ишсиз хотин-қизлар эътиборга олиниши лозимлиги белгилаб қўйилди. Ушбу жараён тўлақонли ишлаши учун эса, албатта, аниқ режа ва таклифлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу боис ҳужжатда ушбу масала юзасидан тегишли соҳа вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларига топшириқлар белгилаб берилди. Ўз навбатида, қарор ижросини таъминлашда тегишли масъуллар қаторида хотин-қизлар қўмиталари, фаоллар ҳам жонбозлик кўрсатишлари муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир амалий иш биргаликда, ҳамжиҳатликда бажарилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Яна бир эътиборли жиҳати, айни пайтда Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Сенат Раиси бошчилигида махсус комиссия тузилиб, ҳар ой якунида ушбу йўналишдаги ишларнинг натижалари бўйича муҳокамалар ўтказиб борилади.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг ушбу қарори кўплаб хотин-қизларимиз ҳаётини янада яхшилаш баробарида оила даромади ошишига ҳамда оила иқтисодининг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, опа-сингилларимизнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, қолаверса, жамиятда янада фаол ва ташаббускор бўлишларини таъминлайди.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+