Аёллар ва ёшлар бандлиги - кун тартибидаги масала

28.04.2021 17:04:35

Бугунги ёшларнинг ҳар томонлама баркамол ва етук, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб етишиши, албатта, айни вақтда уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка боғлиқ.

Шу хусусда яқинда Президентимиз раҳбарлигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилгани мавзунинг нақадар муҳим эканлигидан далолатдир.

Шунга асосан жойларда бу борада ишлар қандай ташкил этилаётганлигини ўрганиш учун партия депутатлик гуруҳлари вилоятдаги маҳаллаларда бўлиб вазиятни ўрганишмоқда.

Хусусан, партия Музработ, Ангор, Денов туманлари ва Термиз шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари маҳаллаларда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ҳамда хотин-қизлар билан учрашиб, суҳбатда бўлишди.

Жумладан, партия Термиз шаҳар Кенгаши депутатлик ишчи гуруҳи шаҳардаги “Тупроққўрғон”, “Дўстлик” МФЙларида бўлиб  аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш,  тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шаҳардаги “Дўстлик” МФЙда икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Асосий эътибор — ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган. Шу мақсадда тикиш–бичиш билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йил маҳаллага 10 та тикув машинаси берилган ва 15 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 26 нафар фуқаро “Аёллар дафтари”га ва 35 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган.

Ишчи гуруҳ томонидан мазкур маҳаллаларда олиб борилган юзма юз мулоқотларда аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг мурожаатлари эшитилди. Аҳоли томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит маблағи ва ер ажратилиши, маҳаллада гўзаллик салони очиш, кам таъминланганларнинг уйини таъмирлаб бериш каби масалаларда ёрдам сўралди. Ушбу мурожаатлар мутасаддилар ҳамкорлигида ҳал қилиниши ва ижроси назоратга олиниши аҳолига билдирилди.

Мазкур маҳаллаларда шаҳар ҳокимлиги ва маҳалла вакиллари ҳамкорликда маҳаллада камбағалликни қисқартириш, томорқаси мавжуд фуқароларга иссиқхоналар қуриш учун шаҳар “Микрокредитбанк”дан субсидиялар ажратилиб, 20 га яқин хонадонга иссиқхоналар қуриб берилганлигининг гувоҳи бўлинди. Хонадон эгаларининг хоҳишига кўра иссиқхоналарда баҳорги экинларни етиштириш учун ниҳол кўчатлари ҳам бепул етказиб берилди .

Шунингдек, ишчи гуруҳи Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Glass expo, Zef textil” корхонасида бўлиб унда ишлаётган ёшлар билан суҳбатлашдилар.

Наргиза Нормирова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

- Сир эмаски, шаҳарда яқин йилларгача йирик ишлаб чиқариш корхоналари йўқлиги аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга катта тўсиқлардан бири эди. Мазкур корхона сингари ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга тушаётгани шаҳар ёшларининг муаммоларини ҳал этишга кўмак бераяпти.

Биз ўрганишлар давомида ёшларнинг иш билан таъминланганлик ҳолатини кузатдик. Бу ерда яқинда яна 50 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланган. Корхона раҳбари билан суҳбатимиз чоғида корхонада ёшларни меҳнатга ўргатиш ва қизиқтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини кўриб бу борадаги ишлар илдамланаётганлигидан хурсанд бўлдик. Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар яратади.

Назокат ХИДИРОВА,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+