Аёлларни  ижтимоий қўллаб-қувватлаш - жамият эътиборида

10.03.2021 14:03:53

Айёмларга бой баҳор фаслининг дастлабки байрами - Халқаро хотин-қизлар куни мамлакатимизда кўтаринки руҳда  нишонланди. Ҳар йилги анъанага кўра Зулфияхоним издошларининг янги гуруҳи давлат мукофоти  соҳибаларига  айланди. Президентимиз Фармонига кўра юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатаётган қатор опа-сингилларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Давлатимиз раҳбарининг байрамга бағишлаб пойтахтда  ўтказилган тантанали  маросимдаги нутқи барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди. Чунки  у биз, хотин-қизлар, оила, қолаверса, бутун жамият ҳақида улкан ғамхўрлик руҳи билан  суғорилган.

Давлатимиз раҳбари айниқса, кейинги даврда аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида келтирган мисоллар ҳамманинг диққатини тортди. Таъкидланганидай, муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун “Аёллар дафтари” жорий этилди. Сўнгги уч ой мобайнидагина ушбу “дафтар”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг мурожаатлари ҳал этилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга  муҳтож, шароити оғир аёлларнинг 23 минг нафари ишга жойлаштирилди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди. 126 мингга яқин опа-сингилларимиз “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурига қўшилди. Улар бизнес юритиш учун имтиёзли кредитларга эга бўлдилар. Уй-жой сотиб олиш учун 1250 кишига қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллари тўлаб берилди.

Бундай факт ва  рақамларни мамлакатнинг ҳар  бир вилояти мисолида келтириш мумкин. Хусусан,  Халқаро хотин-қизлар куни арафасида туманимизда “Раъно, Барно, Иймона” оилавий корхонаси иш бошлади. Уни “Тошкент” маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Қосимова ташкил этди. У ногирон фарзандни тарбиялаётгани учун “Аёллар дафтари”га киритилганди. Банк томонидан ажратилган кредит туфайли олтита ишчи  ўрни яратилди. Лекин тез орада бу рақам деярли ўн баравар ортади. Доимий ва барқарор даромадга эга  бўлган кўплаб хотин-қизлар “дафтар”дан чиқариладилар.

Корхона очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали  маросимда бошқа маҳаллаларда ҳам шундай эзгу ишларга кенг йўл очиш зарурлиги қайд этилди. Чунки ташаббускор ва изланувчан, юксак мақсад сари интилувчан аёллар ҳамма ерда бор. Бугунги кунда банкдан кредит олиш ҳам унчалик қийин эмас. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун бўш, фойдаланилмаётган бино топиш ҳам муаммо эмас.

Халқаро хотин-қизлар  байрами нишонланаётган паллада туманимиз маданий ҳаётида ҳам қувончли воқеа  рўй берди. Тўрақўрғонга Ўзбек миллий академик театри бадиий жамоаси ташриф буюрди. Тошкентлик санъаткорлар намойиш этган  “Андишали келинчак” спектаклини юзлаб мухлислар томоша қилдилар. Бу ҳам барчамизнинг байрам кайфиятимизга кўтаринкилик бахш этди.

Албатта, биз юқорида тилга олган мисоллар дарёдан томчи, холос. Чунки мамлакатимизда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш  ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш доимо эътибор марказида. Бу масала таъбир жоиз бўлса, давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Барча аёллар бундан ҳеч шубҳасиз, чексиз миннатдор.

 

Заҳрохон АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тўрақўрғон туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+