Азалий қардошлик ва елкадошлик ифодаси

30.04.2021 09:04:14

Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчисига отаси Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи ва шахсан ўз номидан яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди.

Маликгули Бердимуҳамедов туркман халқининг содиқ фарзанди ва ҳақиқий ватанпарвар бўлгани, ўз юртининг равнақига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

Туркманистон Президенти ҳамдардлик учун ташаккур изҳор этиб, биродар ўзбек халқи ва унинг етакчиси ушбу мусибатли дамларда далда бўлаётганини юксак баҳолаши ва қадрлашини алоҳида қайд этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманбоши руҳи” мажмуасига ташриф буюрди.

Туркманистоннинг биринчи Президенти Сапармурат Ниёзов мақбараси зиёрат этилди. 

Ўтганлар ҳақига Қуръон суралари тиловат қилинди.

Мажмуа яқинида Туркманистон Президентининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ифтор дастурхони ёзилди. Тадбирда икки мамлакат муфтийлари, уламо ва ёшуллилар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Маликгули отанинг вафоти муносабати билан халқимиз номидан чуқур таъзия билдирди. Марҳумнинг ибратли ҳаёти, самарали фаолияти, савобли ишлари ёдга олинди.

– Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан бир-бирига елкадош бўлиб, дўст ва биродар бўлиб яшаб келмоқда. Буюк мутафаккир Махтумқулининг: 
Фироғийнинг икки кўзи бор, Бири туркман бўлса, бири ўзбегим, деган ўлмас сатрлари ҳам буни тасдиқлайди. Бугунги хотира маросими ҳам ана шу азалий қардошлик ва биродарлигимизнинг яна бир амалий намоёнидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Рўзадорлар Аллоҳ таолодан дунёга тинчлик, саломатлик, халқларимизнинг дўстлиги ва қардошлиги мустаҳкам бўлишини тилаб дуолар қилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланди. Давлатимиз раҳбарини Ашхобод халқаро аэропортида  Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.

 

Манбаа:president.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+